Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Ла Лига бўлим бошлиқлари билан учрашди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Испания миллий чемпионати Ла лига ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандум имзоланган бўлиб, шу келишувга асосан Ла Лиганинг “Осиё давлатлари билан алоқалар” бўлими бошлиғи Хаис Раҳмони ва “Мусобақалар ва турнирлар ташкил қилиш” бўлими бошлиғи Рауль Охедалар Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Умид Аҳмаджонов учрашув давомида испаниялик мутахассисларни юртимизда кўришдан хурсанд эканини таъкидлар экан, ўзбек футболи ривожи йўлида Испания тажрибасини ўрганиш асосий мақсад эканини айтиб ўтди. Бу мақсадни амалга ошириш учун Ла Лига томонидан Ўзбекистонга мутахассисларни жалб қилиш, улар томонидан семинарлар ташкил қилиш, ЎФА ходимларига иш фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалий маслаҳатлар зарурлигини айтиб ўтди.
Ла Лига бўлим бошлиқлари ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга, мутахассисларни Ўзбекистонга юбориб, турли семинарлар ташкил қилиш ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча “Реал Мадрид” клубининг 3 нафар мураббийи — Карлос Альберт, Мануэль Агуадо Хил ва Эктор Висенте Тошкентга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.