“Тошшаҳартрансхизмат” Акционерлик компанияси томонидан йил давомида йўналишли автобусларни интернет тармоқлари билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Компания 4G LTE замонавий технологиясига асосланган 2 мбит тезликдаги интернет хизматини тақдим этишни режалаштирган. “Тошшаҳартрансхизмат” Акционерлик компанияси Ахборот Коммуникация Технологияларини жорий этиш бўлими бош мутахассиси Ўткир Аюповнинг маълум қилишича , автобусларда ўрнатилган бепул интернет тармоғи йўл ҳақининг ошишига таъсир қилмайди. Автобусларга Wi-Fi тармоғи аҳоли ва шаҳар меҳмонларига қулайликлар яратиш ҳамда сифатли ҳизмат кўрсатиш мақсадида ўрнатилмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АК расмий сайтида келтирилган маълумотларга қараганда, Wi-Fi ҳозирда фақатгина 14-йўналишли автобусларига синов тариқасида ўрнатилган бўлиб, яқин кунларда 51 ва 28-йўналишли автобусларда ҳам Wi-Fi тизими ишга тушади. Интернет қулайликларига эга бўлган барча автобусларга махсус маълумотнома ёпиштирилади ва ундан фойдаланиш мутлақо бепул.
“Тошшаҳартрансхизмат” АК йил давомида интернет тармоқлари билан шахардаги аксарият йўналиш автобусларини жиҳозлашни режалаштирган.