International Hotel Tashkent меҳмонхонасида иш бошлаган медиа-ҳафталик 23-27 январь кунлари бўлиб ўтади.
Бугун, 23 январь куни Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Президент томонидан тақдим этилган Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик ўз иши бошлади.
Медиа-ҳафталик ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда қатор нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган.
Медиа-ҳафталикнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдуҳолиқов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икромов ва унинг ўринбосари Нодир Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири биринчи ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов иштирок этиб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ОАВ олдига бир қатор янги талаблар қўйилаётгани, ОАВ халқ ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ҳеч шубҳасиз уддалай олиши кераклигини таъкидладилар.
5 кун давом этадиган медиа-ҳафталик диорасида “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари”, “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”, “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари”, “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари”, “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” мавзусида сессиялар ташкил этилиб, унда давлат бошқарув органларининг вакиллари, ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этадилар ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берадилар.