...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йилги Давлат дастури тўғрисидаги фармон қабул қилинди


10:48, 18.01.2019 Жамият
 2 746

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 январь куни “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу фармоннинг тўлиқ матнини қуйида ўқишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
 
 
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда мамлакатимизда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувига замонавий илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
 
Қабул қилинган 2018 йилги Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард АҚШ долларига тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилди.
 
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ 400 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
 
“Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Yoshlar – kelajagimiz” дастурлари доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалар амалга оширилди.
 
Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда бу аҳолининг реал даромадларини 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошириш имконини берди.
 
Янги ўқув йўналишларини очиш ва қабул квоталарини ошириш ҳисобига олий таълим олиш имкониятлари салмоқли даражада кенгайтирилди.
 
Солиқ маъмуриятчилигининг моҳиятан янги тартиби жорий этилгани сабабли солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм маблағ қолдирилди. Бу 2017 йилги кўрсаткичларга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан 32 баробар кўпдир.
 
Бундан ташқари, иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий жозибадорликни яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш ва бизнес учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.
 
Хусусан, ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 12 фоизгача пасайтирилиши ҳамда юридик шахсларнинг айланмаси (тушуми)дан давлат мақсадли жамғармаларига ундириладиган мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши корхоналар ихтиёрида қўшимча маблағлар қолиши учун шарт-шароит яратди.
 
2018 йилда 18 та давлатлараро ташрифлар амалга оширилди ва 50 миллиард АҚШ долларига тенг инвестициявий келишувларга эришилди. Бугунги кунда юртимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
 
1. Умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамда қуйидагиларга қаратилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
 
давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида – парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, давлат бошқарувида замонавий менежмент услубларини кенг қўллаш, давлат хизматларини ривожлантириш, давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини ошириш;
 
қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида – суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш;
 
иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш соҳасида – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлом рақобат учун зарур шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, “хуфёна” иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттириш;
 
ижтимоий ривожланиш соҳасида – аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, туризмни ривожлантириш;
 
хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида – мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш.
 
2. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар, айниқса, хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини ошириш соҳасидаги тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари 2-иловага мувофиқ мамлакатҳудудларига бириктирилсин.
 
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан ҳар чоракда Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботлар эшитилади, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритилади, Давлат дастуридаги тадбирлар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилади.
 
3. Ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан биргаликда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг боришини муҳокама қилиш, инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишни таъминлаш мақсадида инвесторлар билан шахсан учрашувларни, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш амалиёти жорий этилсин.
 
4. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан таъминлашни амалга ошириш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши ташкил этилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги икки ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин:
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши таркиби, бунда унинг таркибига муваффақиятга эришган тадбиркорлар, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, жумладан, хорижий давлатлар фуқаролари ва хориждаги ватандошларни киритиш назарда тутилсин;
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши тўғрисидаги низом.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, инвестиция жалб этиш учун устувор йўналишларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболдаги инвестиция сиёсати стратегияси(кейинги ўринларда – Стратегия) ишлаб чиқилишини таъминласин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар – устувор ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва сиёсий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган аниқ тадбирлар бўйича таклифларни киритсин.
 
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар – устувор ҳамкорлар билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш бўйича таклиф этиладиган тадбирлар ва йўналишлар Давлат дастури ва Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури билан ўзаро узвий боғлиқ бўлиши лозим.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
 
а) эълон қилинган капитали 1 миллиард АҚШ долларимиқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма). Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;
 
хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
 
инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
 
инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;
 
б) Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав капиталига эга, акциядорлик жамияти шаклидаги, давлат улуши 100 фоиз бўлган Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компанияси (кейинги ўринларда – бошқарув компанияси).
 
8. Белгилаб қўйилсинки:
 
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона таъсисчиси ҳисобланади ҳамда унинг капиталини Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар томонидан қарор қабул қилинишига қараб шакллантиради;
 
инвестиция лойиҳалари бошқарув компанияси томонидан инвестиция учун устувор соҳалар, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва самарадорлик ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда танлаб олинади;
 
бир лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг энг кўп миқдори ушбу лойиҳага киритилиши режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим, қолган қисми инвесторларнинг ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
 
Жамғарма ва бошқарув компанияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:
 
Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
 
тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни биргаликда молиялаштириш тамойиллари асосида жалб қилиш бўйича самарали ва шаффоф тижорат майдонини яратган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида ҳамкорлик қилиш тартибини белгилаш;
 
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, инвестиция сиёсатининг тамойиллари, шунингдек, уни амалга ошириш механизмларини белгилаган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида инвестиция активларини ишончли бошқариш тўғрисида шартномалар тузиш тартиби.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (З.Ш.Низомиддинов) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар инвестиция лойиҳаларини, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга оширишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.
 
11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 мартдан бошлаб:
 
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилади;
 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади;
 
Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки “инвестиция визаси”га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
 
хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) билан биргаликдаЎзбекистон-Амирликлар инвестиция компаниясини (кейинги ўринларда – инвестиция компанияси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш.А.Вафоевга Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаш ваколати берилсин.
 
13. Белгилансинки, инвестиция компанияси:
 
Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) компаниясининг 75 фоиз миқдордаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 фоиз миқдордаги улушлари ҳисобига 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав фондига ва 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлиб, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, бунда қўшимча иштирокчиларни ўрнатилган тартибда жалб этиш мумкин бўлади;
 
фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил қилинаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталларида улушлар сотиб олиш, қарзлар бериш, қимматли қоғозларни муомалага чиқариш, хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталидаги улушларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга реализация қилиш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа шаклларда инвестиция фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга;
 
Бирлашган Араб Амирликларининг инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш вазифаларини бажаради, улар билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштиради, шунингдек, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва рўёбга чиқаришга кўмаклашади.
 
14. Белгилаб қўйилсинки:
 
инвестиция компанияси, шунингдек, унинг таъсисчилари олинган дивиденд ва фоизлар бўйича даромадлар билан бирга фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан, шунингдек, унинг мол-мулки ва активларини реализация қилишда қўшилган қиймат солиғидан 3 йил муддатга озод қилинади;
 
устав фонди (капитали)нинг камида 30 фоизи инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан шакллантирилган янги ташкил этилган корхоналарга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади.
 
15. Қуйидагилар:
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошқарув ходимларининг вакант лавозимларини қисқартириш ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси;
 
вазирлик ва идораларда – белгиланган штатлар сони доирасида халқаро рейтинглар бўйича фаолиятни амалга ошириш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослашган таркибий бўлинмалар ташкил этилсин.
 
Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
16. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига, энг аввало, хорижий ишбилармонлик доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари ўртасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Давлат дастурининг бориши, бизнес учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг маълумот бериш ва тарғиб қилишни ташкил этиш учун масъул бўлган PR-марказ функцияси юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (З.Ш.Низомиддинов) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги, жумладан, PR-марказ функциясини бажариш доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини ишлаб чиқсин.
 
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда етакчи халқаро молиявий ва консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда 2019 йил 1 июлга қадар устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг акциялар (улушлар) пакетларини сотиш назарда тутилаётган стратегик аҳамиятга эга бўлмаган хўжалик жамиятлари ягона рўйхати шакллантирилиши ва юритилишини таъминласин.
 
18. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда 2019 йил 10 июлга қадархалқаро ишбилармонлик доираларида истиқболли инвестиция лойиҳалари, шу жумладан, устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг акциялар (улушлар) пакетларини сотиш назарда тутилаётган хўжалик жамиятлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг тақдимотларини (“Road Show”)ўтказиш графигини тасдиқласин ва йил давомида амалга оширсин.
 
19. Белгилансинки, 2019 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу бандда белгиланган ижтимоий нафақа миқдорини ва уни тўлаш тартибини назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин.
 
20. Банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, касбий малакалар бериш ва тасдиқлашнинг умуммиллий тизимини жорий этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилдаги устувор вазифаси ҳисоблансин.
 
Белгилансинки, фуқаролар, айниқса, ёшлар томонидан ўз малакасини ошириш учун таъсирчан рағбатлантирувчи омиллар яратиш, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасига кирувчи касб-ҳунар коллежлари негизида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида банд бўлмаган аҳоли ва ишсиз фуқаролар учун ўқитиш марказларини ташкил этиш ҳисобига замонавий ўқув ва ишлаб чиқариш технологияларига таянган касбга ўқитишни йўлга қўйиш ва касбий малакани баҳолашни назарда тутувчи касбий малакалар умуммиллий тизимини жорий этишга асосий эътибор қаратилиши лозим.
 
21. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мамлакатда касбий таълим беришнинг замонавий тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида бир ой муддатда ишчи касблар нуфузини юксалтириш ва касбий таълимни ривожлантириш бўйича халқаро ҳаракатга қўшилишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин.
 
22. Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
 
олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади;
 
муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилади.
 
23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси2019 йил 1 мартга қадар:
 
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари томонидан талабаларни қабул қилиш квоталарини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг истиқболдаги эҳтиёжларини, шунингдек, муассасаларнинг кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгилаш тартибини тасдиқласин ва ушбу тартиб 2019/2020 йилдан татбиқ этилишини назарда тутсин;
 
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда хорижий дипломларнинг эквивалентлигини тасдиқлашдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва уларни тан олиш жараёнини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритсин.
 
24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:
 
Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни либераллаштириш;
 
Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини дифференциация қилиш, ушбу тоифадаги ишларнинг ваколатли давлат органлари томонидан тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш.
 
25. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
 
а) “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати – нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;
 
б) режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиришни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатинингасосий вазифаси этиб белгилаш, шу жумладан, қуйидагилар орқали бирлаштириш:
 
халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
 
жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;
 
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш;
 
режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш;
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш;
 
в) Умуммиллий ҳаракат раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан, ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари орасидан сайлаш, улар бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси ҳисобланади.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.
 
26. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:
 
Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
 
Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтларида жойлаштириш;
 
мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
 
Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин.
 
27. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан яқин ҳамкорликда:
 
ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг тушунтирилишини;
 
Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминласин.
 
28. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
29. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            
Шавкат Мирзиёев

 
Тошкент шаҳри, 2019 йил 17 январь

Теглар:Президент қарори Ҳаракатлар стратегияси Давлат дастури 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар