Ўзбекистон ва Украина ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевга юборилган Украина Республикаси президенти Пётр Порошенконинг табрик мактубида Украина–Ўзбекистон дипломатик муносабатларининг 25 йиллиги самимий муборакбод этилган.
Бундан ташқари, Пётр Порошенко икки мамлакат ўртасидаги чорак асрлик тенг ҳуқуқли муносабатлар бундан буён ҳам ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактубида ўтган вақт мобайнида мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқалари ўзаро ҳурмат, манфаатдорлик ва англашув руҳида изчил ривожлангани ва мустаҳкамлангани чуқур мамнуният билан қайд этилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги алоқалар халқ фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам янада кенгайиши ва мустаҳкамланишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон билан Украина ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни тартибга солувчи 142 та шартнома, битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.
1991 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Украинага 6 маротаба ташриф буюрган ва Украина Президенти Ўзбекистонга 4 маротаба ташриф буюрган.
Ўзаро товар айланмаси ҳажми 2016 йил якунлари бўйича қарийб 254,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.