Учрашувда TIKA’нинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширилган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиққанини мамнуният билан таъкидлади.
Туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда савдо, саноат, инвестиция, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда истиқболли дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани ижобий баҳоланди.
Учрашувда TIKA’нинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда Агентлик томонидан шу кунгача 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилган.
Суҳбатда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, бу борада TIKA’нинг Ўзбекистондаги фаолиятини аниқ лойиҳалар асосида ва тизимли равишда ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бу борада “Йўл харитаси”ни қисқа муддатда ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришиш муҳимлиги, шу муносабат билан, иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш бўйича келишиб олинди.
TIKA раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда ушбу мамлакат Бош вазири Бинали Йилдиримнинг эзгу тилакларини етказди.
Сердар Чам Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар этган ҳолда, уларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишга Туркия томони тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 декабрь куни TIKA президенти Сердар Чам Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов қабулида бўлган эди.