Президент сайлови натижалари бугун, 5 декабрь куни соат 16:00 да эълон қилинди.
Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича республика матбуот марказида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилди.
Натижаларга кўра, Шавкат Миромонович Мирзиёевга жами сайловчиларнинг 15 млн 906 минг 724 нафари ёки 88,61фоизи овоз берган ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаровнинг номзоди қўйилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлов тенглик, транспарентлик ва демократик тамойиллар асосида, умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос тарзда, юксак савияда ўткаказилди. Номзодларнинг ташвиқот тадбирларига бир хил эътибор қаратилди. Учрашувлар белгиланган тартибда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 14 та сайлов округида 9 минг 383 та сайлов участкалари ташкил қилинган. Шунингдек, хорижий давлатлардаги 44 та сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.
Ўзбекистон Республикаси бўйича 20 миллион 428 минг 891 сайловчининг 17 миллион 941 минг 955 нафари овоз бериш жараёнларида иштирок этган. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади.