Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатидаги биринчи хорижий сафари нега Россия, Қозоғистон ё Туркияга эмас, Туркманистон томон уюштирилаётгани ҳақида фикрлашамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга қиладиган илк расмий ташрифи Россия, Қозоғистон ё Туркия эмас, нега Туркманистонга режалаштирилган? Бу саволга қуйида жавоб топамиз.
“Мамлакат етакчиси февраль ойида йўллаган табрикномасида Гурбангули Бердимуҳамедовни сайловда эришган ишончли ғалабаси муносабати билан қутлар экан, бўлажак ташриф икки томонлама муносабатларда том маънодаги тарихий воқеа бўлажагига ишонч изҳор этди. Қолаверса, кейинги ярим йил давомида мамлакатлар ўртасидаги турли даражадаги алоқаларнинг жадал тус олгани ҳамда конструктив ҳамкорликнинг шу пайтга қадар қўйилган мустаҳкам замини ҳам бундан далолат беради.
Мустақиллик йиллари давомида йўлга қўйилган самимий муносабатлар ўзбек халқи учун оғир бўлган кунлар – Биринчи Президент Ислом Каримов бевақт вафот этган дамларда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Миллий йўлбошчи билан видолашув маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фаол иштирок этди. Ўшанда дўст мамлакат раҳбари икки давлат ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчини Ислом Каримовни Туркманистон халқи чуқур ҳурмат қилишини баён этган эди.
Ана шундай эҳтиромнинг рамзи сифатида Туркманобод шаҳрида Ислом Каримов номи билан аталадиган марказий кўчадаги хиёбонда Ўзбекистон Биринчи Президентининг хотира мажмуи барпо этилмоқда. Туркманистон раҳбари ўтган йил 4 ноябрь куни Ашхободда мамлакатимиз ҳукумати делегациясини қабул қилган чоғдаёқ бу ҳақда баёнот берган эди.
Самимий қардошлар ва яқин қўшнилар сифатида ўзбеклар ва туркманлар яхши ва ёмон кунларда ҳам ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб келишган. Масалан, 2016 йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегация туркман халқининг қувончига шерик бўлиб, Ашхободда янги аэропортнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Туркманистон Президентининг Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан бўлган яна бир учрашуви икки томонлама муносабатларнинг ўсувчан эканлигидан далолат беради. Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йилнинг 26-27 ноябрь кунлари Ашхободда бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференцияси доирасида Ўзбекистон делегациясини қабул қилди. Самимий суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг, шу жумладан, транспорт-коммуникация соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг истиқболлари муҳокама этилди.
Шу ўринда яна бир жиҳатни қайд этиш жоиз: мамлакатлар кўп томонлама музокаралар доирасида ҳам бир-бири учун ишончли таянчдир. Ўзбекистон Туркманистон раҳбарининг Халқаро нейтралитет кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани бу фикрнинг яққол тасдиғи ҳисобланади. Бунинг натижасида жорий йил 2 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида 12 декабрни Халқаро нейтралитет куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.
1996 йил 16 январдаги Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартномада кўзда тутилганидек, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўзаро муносабатлардаги асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Мазкур Шартномани бугунги кунга қадар имзоланган қарийб 190 та икки томонлама битимлардан иборат салмоқли ҳужжатлар тўпламининг “тожи” дейиш мумкин.
Ўз-ўзидан аёнки, юқорида қайд этилган шартномаларнинг аксарият қисми Тошкент ҳам, Ашхобод ҳам устувор даражада эътибор қаратадиган савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоқадордир. Бу йўналишдаги ҳамкорлик кўлами ва унга бериладиган аҳамият кўлами катта эканлигини тасдиқлаш учун биргина мисолни келтиришнинг ўзи кифоя: сўнгги олти ой мобайнида Ўзбекистон-Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг иккита мажлиси бўлиб ўтди. Сўнгги мажлис якунлари бўйича томонлар бошқа йўналишларда ҳам бўлгани каби иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, сув-хўжалик объектларидан биргаликда фойдаланиш, қишлоқ хўжалик техникаси ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, ўзаро миллий кўргазмаларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришдилар.
Мазкур ҳукуматлараро комиссиянинг номланишидан ҳам аёнки, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини мунтазам равишда муҳокама этишади. Чунки ўзаро ҳамкорликнинг бу йўналиши ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишида катта аҳамият касб этади. Бунинг самаралари ҳам кафтдагидек равшан: Ўзбекистон ва Туркманистон вакиллари ҳар икки мамлакатда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва танловларда мунтазам қатнашмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили ўзбек ва туркман санъат дарғаларининг иқтидори ва юқори маҳоратини очиб берадиган тадбирлар ташкил этилади. Ўтган йил 26-28 сентябрь кунлари Ашхободда бўлиб ўтган “Ўзбек киноси кунлари” доирасида ўзбек кино санъати усталари томонидан суратга олинган 8 та бадиий фильм намойиш этилди.
Ўша йилнинг 7-11 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Туркманистон маданияти кунлари” тадбири доирасида республикамиз аҳли қардош туркман халқининг бой анъана ва урф-одатлари билан яқиндан танишди. Тошкент ва Бухоро шаҳарларида дўст мамлакат хонандалари ва санъат усталари иштирокида кўргазмалар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, концертлар ва фильм намойишлари бўлиб ўтди.
Жорий йил 4-5 февраль кунлари Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилояти делегациялари Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларига ташрифлари ҳам учрашув ҳамда номи тилга олинган минтақалар маъмуриятлари раҳбарлари, ишбилармон ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокидаги музокараларга бой бўлди. Ташриф қатнашчилари қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳурматга асосланган бундай муносабатларнинг юқори даражасидан алоҳида қониқиш билдирдилар. Шунингдек, минтақалараро даражадаги тўғридан-тўғри ва яқин шериклик алоқаларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим эканлиги қайд этилди. Ташрифлар чоғида Ўзбекистон делегацияси учун Туркманистоннинг республикамизга чегарадош бўлган вилоятларидаги саноат корхоналари ва маданий муассасалари билан танишув тадбирлари ташкил этилди.
Мамлакатларимизда истиқомат қиладиган ўзбек ва туркман этник гуруҳларининг вакиллари икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишида салмоқли ўрин тутади. Маълумки, Ўзбекистонда яшайдиган миллат ва элатларнинг ҳар томонлама ривожланишига республикамизда алоҳида эътибор қаратилади. Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошларимиз истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизда Туркман миллий маданий марказлари ҳам муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда. Улар Ўзбекистон фаровонлигига ҳамда милатлараро ҳамжиҳатликнинг мустаҳкамланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг ана шундай дўстона ва яқин қардошлик моҳиятига эга эканлиги, қолаверса, бўлажак ташриф кун тартибининг учрашув ва музокараларга жуда бойлиги ҳам давлатимиз раҳбарининг олдинда турган давлат ташрифи халқларимиз тарихида том маънодаги унутилмас воқеа бўлиб қолишидан дарак беради. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида аллақачон йўлга қўйилган ишончли ва конструктив мулоқот туфайли энди икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги, стратегик шериклик даражасига олиб чиқилиши учун кенг имкониятларнинг эшиклари очилмоқда”, деб ёзади Жаҳон нашри.