Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар Конституция ва Ҳаракатлар стратегиясига асосланишини алоҳида таъкидлади.
Давлат раҳбари йиғилганларни юксак унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлгани муносабати билан самимий қутлади. Улар орқали барча ўзбекистонликларни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги билан муборакбод этди.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар Конституция ва Ҳаракатлар стратегиясига асосланишини алоҳида таъкидлади.
Давлат раҳбари якунига етиб бораётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталар экан, халқ билан мулоқотда бўлиб, одамларнинг оғирини енгил қилишга асосий эътибор қаратилганини қайд этди.
“Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари иқтисодиётни барқарор ривожлантириш мавзуига тўхталиб, ўнлаб янги саноат корхоналари бунёд этилаётгани, валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.
Илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича ҳам қатор қарорлар қабул қилинди. Давлат раҳбари ушбу соҳалар вакиллари билан бир неча бор учрашиб, улар олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилди. Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга зарур маблағ ва ресурслар ажратилди. Янги илмий марказлар, технопарклар ташкил этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилгани бу борада муҳим янгилик бўлди.
“Илм-фан – тараққиёт асоси. Замонавий илм-фан ютуқларига, инновацион ғояларга таянмаган давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам келажаги йўқ. Фақат илм ва маърифат, интеллектуал салоҳият, ҳар томонлама билимли кадрлар ҳисобидан биз Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқа оламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари 2017 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, халқ билан бамаслаҳат иш олиб борган одам ҳам, давлат ҳам ҳеч қачон кам бўлмаслигига, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб, ўзининг эзгу мақсад-муддаоларига албатта эришишига барчамиз кундалик ҳаётимизда ишонч ҳосил қилаётганимизни алоҳида таъкидлади.