Президент йиғилганларни Мустақиллик байрами, давлат мукофотларига сазовор бўлгани билан табриклади.
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бугун, 31 август куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами, давлат мукофотларига сазовор бўлгани билан табриклади.
- Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврига, янги босқичига қадам қўйдик. Келажагимизни халқимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида ўз қўлимиз, ўз кучимиз билан барпо этмоқдамиз. Одамларни рози қилишни бугунги сиёсатимизнинг бош мақсади, деб биламиз. “Ўсиш”, “ривожланиш” деганда фақат рақамларга, миқдор кўрсаткичларига эмас, аввало улар аҳолининг кундалик ҳаётида, уйи ва дастурхонида қандай намоён бўлаётганига устувор аҳамият қаратаяпмиз, - деган Президент.
Бугун барча-барча жабҳаларда ўзгаришлар рўй бермоқда. Мамлакатнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ва маҳалларни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг фидокорона меҳнати, Ватанга садоқати билан эл-юртга намуна бўлаётган инсонлар хизматини муносиб қадрланмоқда. Турли саналар ва касб байрамлари муносабати билан ўнлаб фидойи инсонлар давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида турли саналар муносабати билан 320 нафар инсон давлат томонидан фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Байрам арафасида уларнинг сафига яна 321 киши қўшилди.
Президент бир гуруҳ ўзбекистонликларга давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
- Мен сизларнинг кўпчилигингизни яқиндан танийман. Ҳар бирингизни ўз меҳнати, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан барчага ўрнак бўлаётган ҳурматли инсонлар сифатида қадрлайман.
Барчангизга тилагим битта: сизлар мана шундай ютуқ ва зафарларни қўлга киритишдан ҳеч қачон чарчаманг. Биз эса сизларга давлатимизнинг мана шундай юксак мукофотларини топширишдан чарчамайлик, - деди Шавкат Мирзиёев.