Шу тизимнинг ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан илтижо қиламиз, илоҳим, у кунлар бизга ҳеч қачон қайтиб келмасин – у бало-қазо.
“Энг асосийси, биз бир идоранинг қўлида барча ваколат ва ресурсларнинг тўпланиб қолишига, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципининг бузилишига йўл қўймаслигимиз зарур”, деб мавҳум кўринишда гап бошлади давлат раҳбари.
“Шу тизимнинг ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан илтижо қиламиз, илоҳим, у кунлар бизга ҳеч қачон қайтиб келмасин – у бало-қазо. Лекин бундан буёғи мен бу нарсага ҳеч кимга – валломат бўлса ҳам рухсат бермайман”, дегач, залда қарсаклар овози янгради.
“Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал Ҳукумат тасдиқлаган низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу низом чорак аср давомида ўзгартирилмагани ва ҳар қандай оддий масала ҳам Миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идоранинг ваколатлари асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган.
Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса ўз навбатида терроризм ва экстремизм тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нақтаи назардан бу глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди. Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисидаги ва Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этаман”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевга кўра, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ва фаровон ҳаёти кафолотларини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратади.