Президент Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ишлаб чиқиш зарурати ҳақида гапирган эди.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳақидаги масала кўриб чиққан.
Қолаверса, “Мудофаа доктринаси” ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил январда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан мудофаа вазири ўринбосарининг соҳада амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 23 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ислоҳ қилиш масаласига тўхталиб, Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун ишлаб чиқиш зарурати ҳақида гапирган эди.
Шундан сўнг, ушбу тизимда қатор ислоҳотлар амалга оширилди. МХХни 24 йил бошқарган Рустам Иноятов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан ташкилот фаолияти қайта ташкил этилди ва Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати номини олди.