Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг 2016 йил давомида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботини танқид қилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирига юзланиб, унинг эътиборини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида яратилган қудратли базадан самарали фойдаланиш заруратига қаратди.
Президент ўз нутқида “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керакмаслиги, иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедовнинг 2016 йил давомида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
“Вазир Б.Аҳмедовнинг бугунги мажлисимизга тайёрлаб келган жонсиз ҳисоботи ҳеч қандай танқидга чидамайди. Бу ҳисоботда на таҳлил, на аниқ таклиф бор. Афтидан, айнан шунинг учун ҳам сизнинг маданиятни ривожлантириш соҳасидаги ишларингиз асосан юбилей тадбирларини ўтказиш билан чекланиб қоляпти. Сиз ҳам, ўринбосарларингиз ҳам бу соҳага янгича мазмун киритиб, вазиятни тубдан яхшилашга ҳаракат қилмаяпсизлар”.