Жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича реал натижалар таъминланмаса, раҳбарларга нисбатан қаттиқ чора кўрилади.
Мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазирнинг икки ўринбосарига нисбатан огоҳлантириш эълон қилди.
Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Ғуломжон Ибрагимов ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани учун шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан огоҳлантириш эълон қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари Ғуломжон Ибрагимов йўл қўйган камчиликлар борасида аниқ далилларни тақдим этди.
“2010-2016 йилларда “Ўзбекнефтгаз” компанияси тизимида қарийб 20 миллиард долларлик катта капитал қўйилмалар киритилганига қарамасдан, суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш камайган. Бу борада хомашё импорт қилиш 1,3 баробар кўпайган. 40 минг киши ишлайдиган “Ўзтрансгаз” компанияси тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик 14 фоизга ошган”.
Экспорт салоҳияти ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари, “Ўзавтосаноат” компанияси бошқаруви раиси Улуғбек Розуқулов ҳам ҳайфсан олди. Унинг бошқаруви остидаги Машинасозлик комплексида юзага келган аҳвол қониқарли эмас.
“Автомобилсозлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми кейинги уч йилда 2,8 баробар камайган. Бу нафақат саноат маҳсулоти ўсиш суръатига, балки мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳада импорт ҳажми экспортдан бир неча баробар юқори бўлиб, маҳаллийлаштириш даражаси эса импортга нисбатан 20 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Улуғбек Розуқуловнинг кадрлар билан ишлаш фаолиятига ҳам танқидий назар солди. Машиносозлик соҳасида силжиш йўқлигини айтиб ўтган Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда яратилган технологияларнинг рақобатдошлигини таъминлаш, “ноу-хау” намуналарини яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, яъни юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда иккита комплексда 2017 йилда бажарилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди. Шавкат Мирзиёев агар жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича реал натижалар таъминланмаса, юқоридаги комплекс раҳбарлари ва комплекс таркибига кирувчи ташкилотлар раҳбарларига нисбатан қаттиқ чора кўрилишини таъкидлаб ўтди.