...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев “Боинг – фуқаро самолётлари” президенти билан учрашди


10:57, 08.09.2016 Жамият
 3 305

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Рэймонд Коннер “Боинг” компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Кеча, 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев “Боинг – фуқаро самолётлари” компанияси президенти Рэймонд Коннерни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Рэймонд Коннер “Боинг” компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди. 

“Боинг” компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида эришилган юқори даражадаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганининг самараси экани таъкидланди. 

Бугун “Боинг” компанияси Ўзбекистоннинг йўловчи ташийдиган замонавий самолётлар етказиб бериш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишончли ҳамкоридир. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”миллий авиакомпанияси айни пайтда 15 та “Боинг” самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпаниямиз томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниямизнинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида миллий авиакомпаниямиз самолётлари сафига энг замонавий ва шинам “Боинг-787 Дримлайнер” ҳаво кемаси ҳам қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5 сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, келгуси ҳафтадан халқаро авиайўналишларга қатнай бошлайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса Ўзбекистонга иккинчи “Дримлайнер” келтирилади.
 
Мамлакатимизда, жумладан, миллий авиакомпаниямиз ўқув-машғулот марказини комплекс тренажёр ускуналари билан таъминлаш орқали учувчи ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилаётир. 

Шу йилнинг январь ойида янги қўшма лойиҳа – “Ўзбекистон Эйрвейз Текникс” авиакорхонаси базасида замонавий самолётлар конструкциясининг йирик композит материалларини таъмирлаш бўйича минтақавий марказ ишга туширилди.
 
Рэймонд Коннер қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди ва у раҳбарлик қилаётган компания ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади. 

Теглар:Шавкат Мирзияев Рэймонд Коннер Боинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар