...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шароф Муқимов Севинч билан ажрим тўғрисидаги саволларга ва ниҳоят жавоб қайтарди


19:30, 12.08.2016 Шоу-бизнес
 67 878

Шароф Муқимов бугун “Qalampir.uz”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига оилавий можаролари, хусусан, ажрим ҳақидаги гапларга муносабатини ёзиб қолдирди. Хонанда бу масалага ҳеч ким аралашмаслигини илтимос қилди.

Аввалроқ, хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова ўртасида оилавий можаролар келиб чиққани, Шароф ва Севинч бир-бирининг номини тилга олмаган ҳолда ижтимоий тармоқлар орқали таънали мулоҳазалар ёзиб қолдираётганини айтган эдик. Кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда Шарофнинг қайнонасини ҳақорат қилгани билан боғлиқ сурат-далиллар тарқалди. Севинч Мўминова эса бу ҳолатдан қаттиқ ранжиганини айтиб, “Qalampir.uz”га интервью берган эди. Севинчнинг иддаоларига жавоб бермай келаётган Шароф Муқимов бугун “Qalampir.uz”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига оилавий можаролари, хусусан, ажрим ҳақидаги гапларга муносабатини ёзиб қолдирди. Хонанда бу масалага ҳеч ким аралашмаслигини илтимос қилди.
 
 
“Салом, биз учун қадрли бўлган санъатсеварлару, жонкуярлар. Кўпчиликнинг менга қўнғироқ қилиб бераётган хабарларига биноан “Qalampir.uz” сайтига кириб, аччиққина, қалампирдай изоҳларни ўқиб, ҳайратландим. Яратганга шукр, биз жуфтликнинг анча гуноҳларимиз тўкилибди. Сўнг чуқур ўйлаб, сизларга ўз фикрим ва катта илтимосимни етказишга аҳд қилдим. Тўғри, Севинчнинг ҳам садоқатли мухлислари жуда кўп ва менга ҳам шу қаторда эъттиборли инсонлар борлиги – бу факт. Бу учун биз жуда хурсанд бўламиз ва сизларни ҳис этиб ижод қиламиз, завқланамиз. Ижод сабабли сиз-у бизнинг кўнглимиз яқинлашади, бирлашади, дардлашгандек бўлади.
 
Азизлар, бизни ҳар бир оилада бўлгани сингари оилавий можаролар ва гап-сўзларимизга кимлардир аралашиб, қўшиб-чатиб, кимнидир қоралаб, фикрини ёзиб, кимнидир йиқитишга шай бўлиб турган биродарларимизга шу жумлаларимни етказиб, бир оғиз танбеҳ бериб, уялтириб қўйишингизни илтимос қилиб сўрар эдим. Умуман нотўғри ва ноўрин бўлган, ўзга шахснинг оиласига аралашиб юрадиган, носоғлом иллатли авлод бизнинг юртимизга муносиб эмас. Бизни севганлар оиламиз келишмовчилигини эмас, санъатимизни кузатиб, қўшиқларимизни тинглашсин. Оиламиз сирларига аралашмаганларни эса биз ўзимизга доимий, ҳақиқий яқин дўст деб ҳисоблаймиз.
 
Бу дунёга келиб, ҳеч ким ҳеч қачон ажримни орзу қилмайди ва бу жуда оғирлигини ҳам ҳамма билади. Айниқса, фарзанди бўла туриб ажрашиш осон эмас. Бунга ҳар кимнинг ҳам иродаси, кучи етмай қолади. Иродаси етмаганлар эса, пиёниста ёки гиёҳванд, шунга ўхшаш ёмон иллатли инсонларга айланиб, ёмон йўлга кириб кетиб қолишини кўп кузатганмиз. Севмаган инсон ажрим учун арзимаган нарсаларни баҳона қилиб, ажрашиб кетиши ҳеч гап эмас. Минг афсуски, йиллар давомида кўп тўсиқларни енгиб ўтиб, охирида ожиз бўлиб қолган, аччиқ тақдири чизиғига эргашиб, йиқилганлар ҳам йўқ эмас. Уларни кузатиб ачиниш лозим, холос. Айрилганлар билан дардлашсангиз, унинг дардини эшитсангиз, уни ҳақ экан деб ўйласангиз, кейин эса, аксинча, иккинчи одамнинг ҳам дардини эшитсангиз “Мен адашибман, у ҳақ экан-ку”, дейсиз. Ким ҳақ ё ноҳақлигини яшаб кўрган инсонгина билади. Лекин иккиси ҳам савдолар оловида ёнаётган, айро юракли ожизлардир.
 
Тўғри, Севинч билан ҳаётимизда мазмунли, ажойиб, эсдақоларли, гўзал хотиралар жуда кўп бўлган. Биз ҳамманинг эътиборидаги, кўпчилик ҳавас қилган қаҳрамони бўла олдик. Ўзбек эстрадасида учрамаган ҳолат, яъни кўп юлдузлар  бизга эргашиб турмуш қура бошлашди. Бизга ҳавас ила тикилган халқимизнинг кўзларидан ўзимиз ҳам мисоли маст бўлиб қолгандик.
 
Ҳақиқатан ҳам мен аёлимни телбаларча севганман. Усиз бироз онларим ҳам тасаввурсиз, зерикарли бўлиб қолган эди. Ҳаттоки, мен ҳаётим давомида кўпгина тўсиқлар ва деворларни енгиб ўтишимга ҳам шу туйғуларим сабаб бўлган. Бу муносабатим нафақат оиламни, балки дўстларимни ҳам ажаблантирарди. Унинг ҳам яхши ҳислатлари жуда кўп. Энг муҳими вафоли ва менинг ёнимда бирор эркакка кўз тикиб қараганини билмайман. Бу борада кўп синовларимдан ўзи билмаган ҳолда ажойиб, қониқарли равишда ўта олган. Яхши она ҳам бўлган, десам муболаға бўлмайди. Қизимнинг покиза юришида, доим витаминларга бой таомлар еб, чиройли либослар кийиб юришида, уни кўз қорачиғидай асраб юришда Севинчга тенг келадигани йўқ.
 
Тўғри, ҳеч қайси инсон фаришта эмаски, айбсиз бўлса. Унинг ҳам, менинг ҳам, ҳамманинг айби бўлгани каби ҳар биримизнинг салбий характеримиз бор. Шу ҳаётий муносабатларимизга яраша Яратган ҳам яхши неъматларию, аччиқ кунларини ҳам аямади.
 
Менда бир ҳислат бор: ҳар нарсага ижобий қарамайман. Атроф-муҳитга яхши кўз билан боқиш инсон асабларини асрашига ва умри узайишига ёрдам беради. Позитив ҳаёт яшашга мазмун уйғотади. Эл қаторида бизда бўлиб турган келишмовчиликлар эса – бу оиламизнинг шахсий сири. Бизнинг деразамизга бош суқиб қараб, қулоқ солиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Орадан йиллар ўтиб, ойнинг ўн беши қоронғулиги сингари Яратганнинг жуда кўп синовли ташвишлари менинг бошимга туша бошлади. Шундай кунда менга яқин дўстларим, эътиборли мухлислариму, қадордонларим далда бўлиб туришди. Саратон хасталиги билан онажонимни Яратганнинг ҳузурига жўнатиб қўйдим. Онажоним чеккан азоблари ва жудолик мени ҳамон қоронғу зулматдан олиб чиқа олмаяпти. Кучли ғам домига чуқурроқ тортиб, кундан-кун мени кемиришда давом этяпти. Вақт – ҳар нарсанинг давоси, деганларидек фақат вақт ўтишини кутишдан бошқа чорам қолмаганини ҳар куни англайман. Афсуски, онажоним ёруғ кунларимни жуда кам кўрдилар...
 
Бир хил, тушунарсиз, соғинчли кунлар давом этар эди. Орадан кунлар ўтиб борар экан, баъзилар жар солиб айтгани сингари бизнинг оилада кўп низолар бўлгани билан мен ҳали Севинч билан ажрашиб кетган жойим йўқ. Ҳали ҳам қонуний аёлим, ҳали ҳам туйғуларим, хотираларим эгаси. Нега шунчалик ажримимизни кутаётганлар жар солиб юрганига ақлим етмаяпти. Оилавий муаммолар кимда бўлмайди? Кимнингдир оиласига аралашган инсон вақти келиб ўзи ҳижолат бўлиб, хатоларини англаши аниқ. Ажримдан сўнг, 10 йилдан кейин ярашган жуфтликлар ҳам бор. Ўзим кўп гувоҳи бўлганман. Лекин биз ҳали ажрашганимиз йўқ-ку. Аёл эркакка нисбатан ожизалигини биламиз ва шундан фойдаланаётган, тўртта бетарбия, тинмай сўкинишдан қайтмайдиган, эркак билан бирга-бир олишадиган, ожиз, маънавий озуқаси паст бўлган манқуртлар аёлимнинг миясини заҳарлаб, ҳар хил гап-сўзлар тарқатиб, ҳаттоки, Севинчни қайсидир маънода менга нафратини уйғотиб, уни мендан, мени эса ундан узоқлашишимизга сабабчи бўлишяпти. Менга яхши кўриниш учун мени мақтаб, аёлимга тош отиб, аксинча, Севинчга яхши кўриниш учун Севинчни мақтаб, менга туҳмат тошини отаётганлар жуда катта хато ва гуноҳ иш қилаётганларини ўзлари ҳис қилишармикан? Тўғри, бундай гап-сўзларга доим қўл силтаб қўйганман. Санъат аҳлининг пешонасига ёзилгани доим гап-сўздир. Бунга чидаган санъат қозонида қайнайди.
 
Мен уйланиш мақсадида шунча аёллар ичидан танлаб-танлаб ўзимга раво кўрган аёлим бўлмиш Севинч мен эртага ажрашаманми ёки йўқми, шу пайтгача ва бундан кейин ҳам мен учун қадрли бўлиб қолаверади. Ҳар ҳолда гулдай қизимнинг онаси. Шу сабаб менга аёлим ва қизим ҳақида салбий гапирганларни ҳазм қила олмайман. Биз тақдир тақазоси билан айро яшаган тақдиримизда ҳам бизни ушлаб турадиган жон-у-жаҳонимиз, эркатойгинам, жажжи Лейламиз биз учун абадий кўприк бўлиб қолади. Лейла келажакда катта бўлгач, онасидан ёки отасидан ранжишини иккимиз ҳам истамаймиз. У бизнинг ришталаримиз, муҳаббатимиз меваси. У доим ёшлигидан иккимизнинг бошимизни бир-бирига яқинлаштириб, бирлаштириб, беғубор кўзлари билан завқланиб кулиб, тикилиб турар эди. Яратгандан доим қизимнинг бахтини, умрини сўраймиз. Иболи ва ҳаёли бўлишини, ота-онасининг ғурури бўлишини истаймиз. Сизларга ҳам доим тўкис бахт ва фарзандларга бой гўзал ҳаётни юракдан истаб қоламиз. Мен ўйлайманки, сиз мени тўғри тушуниб, фикр қилишингизга сизнинг мукаммал ақл-фаросатингиз етарлидир.
 
Азиз қадрдонлар, эртанги кунда нималар бўлиши ё бўлмаслиги ёлғиз Яратганга аён. Бир гапни гапириш олдидан бизни ўзингизнинг ўрнингизга қўйиб, хулоса чиқариб кўринглар. Чунки бизнинг ҳам танамизда яхши кунимизда кулиб, ёмон кунимизда йиғлаб турган сизники каби мурғак юрагимиз кўксимиз ичида яшаш илинжида доим курашиб уриб турибди. Бизни ҳақиқий севганлар дунёга жар солиб, сирларимизни ҳеч қачон ошкор этмайди. Гапларим кимгадир эриш туюлган бўлса, узр”, деб ёзади Шароф Муқимов.  

Теглар:Шароф Муқимов Севинч Мўминова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Фарангиз
02:07 25.10.2016

Севинч сал огирок булинг уртада киз фарзадиз бор Шароф сизам сал огирок булинг уртада киз фарзандни келажагини уйлаб


Кучкор
12:56 13.08.2016

Кипкизил ПИАР. Уйдаги нарсани кучага опчикиб нима бор экан?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!