Жавобларда асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова фаол бўлди.
Жавобларда асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова фаол бўлди.
Журналистлардан бири “Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ободончилик ва дала ишларига мажбурий жалб этилиши тўғрими? Сенаторлар ва қонунчилик бунга қандай муносабат билдиради?”, деган савол билан мурожаат қилди. Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари қуйидагича жавоб берди:
“Республикамизнинг турли ҳудудларида, вилоятлар бўйлаб депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг ҳали бирортасида ўқитувчи бугун биз кўча тозалаяпмиз деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган”.
Журналист Барчиной Жўраева сенаторнинг бу муносабатига ўз ўрнида асосли жавоб қайтарди. “Нафақат ўқитувчилар, шифокорлар, мактабгача таълим муассасалари ўқитувчилари кўча тозалагани чиқяпти. Буни ўзимиз ҳам кўряпмиз-ку”, дейди дадиллик билан Жўраева.
Суҳбатни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светалана Ортиқова бўлиб, масалага нисбатан ўз муносабатини билдирди:
“Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими? Тошкентда чиқинди ташийдиган махсус автомобиллар тўлиб кетиб, чиқиндиларни ташишга улгура олмаяпти.Тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши керак-ку.
Бир куни менга BBC’дан қўнғироқ бўлди. Тўғридан-тўғри эфирда 15 та савол берилди. Албатта, 15 саволдан ташқари саволлар бўлди. Менга Ўзбекистонда яшаётган қариндошларим очидан ўляпти, деган савол беришди. Мен улардан сўрадим: қариндошингиз Ўзбекистоннинг қаерида яшайди? Қишлоқда, деб жавоб берди журналист. Мен қишлоқда ўсган қизман. Қишлоқда битта калтакни ерга суқсангиз, дарахт бўлиб чиқади. Демак, хафа бўлманг-у, сизнинг қариндошларингиз дангаса. Агар ерни чопиб, бирор нарса экса, очликдан ўлмасди. Қаердан қўнғироқ қиляпсиз, деб сўрадим. Европадан деди. Сизга маслаҳат: Европада ўтиргандан кўра ўша дангаса қариндошларингизнинг ерини чопиб берсангиз, улар очликдан ўлмайди, деб айтдим.
Давлат сиз билан бизники. Ҳеч ким сиз билан биз қураётган уйга келиб битта ғиштни қўймайди, ўзимиз қиляпмиз шуни. Ҳозир керакми, ёрдам берайлик. Давлат сиз билан бизга шароит яратиб, чегарани, хавфсизликни, тинчликни, осмоннинг мусаффолигини таъминлаб беряпти, ўзига юклатилган вазифани бажаряптими, сиз билан биз ҳам лаббай деб олдинга қадам ташлаб, давлатга ёрдам берайлик”.
Қизиқ, наҳотки журналистлар кўрган, шикоятларни қабул қилган масалалардан сенаторлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маъмурияти бехабар бўлса. Хуллас, Халқаро пресс-клубдаги айрим саволларни сенаторлар шу қадар санъаткорона четлаб ўтдиларки, савол берганингга хижолат чекасан киши.