Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси раиси Светлана Ортиқова нега жим?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳақида нутқ сўзлаган эди.
Президент Ўзбекистонга қайтгач, октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 12-ялпи мажлиси йиғилишида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.
Комиссия зиммасига фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тақиқловчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларининг шартларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва яна мазкур масалага бевосита тааллуқли бўлган фаолиятларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова раис этиб тайинланди. Шуниси эътиборга моликки, у раис этиб тайинланмасидан бир неча ҳафта аввал, “Халқаро пресс-клуб” сессиясида ўқитувчи ва шифокорларнинг ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилиниши юзасидан берилган саволга қуйидагича жавоб қайтарган эди:
“Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими? Тошкентда чиқинди ташийдиган махсус автомобиллар тўлиб кетиб, чиқиндиларни ташишга улгура олмаяпти.Тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши керак-ку.
Бир куни менга BBC’дан қўнғироқ бўлди. Тўғридан-тўғри эфирда 15 та савол берилди. Албатта, 15 саволдан ташқари саволлар бўлди. Менга Ўзбекистонда яшаётган қариндошларим очидан ўляпти, деган савол беришди. Мен улардан сўрадим: қариндошингиз Ўзбекистоннинг қаерида яшайди? Қишлоқда, деб жавоб берди журналист. Мен қишлоқда ўсган қизман. Қишлоқда битта калтакни ерга суқсангиз, дарахт бўлиб чиқади. Демак, хафа бўлманг-у, сизнинг қариндошларингиз дангаса. Агар ерни чопиб, бирор нарса экса, очликдан ўлмасди. Қаердан қўнғироқ қиляпсиз, деб сўрадим. Европадан деди. Сизга маслаҳат: Европада ўтиргандан кўра ўша дангаса қариндошларингизнинг ерини чопиб берсангиз, улар очликдан ўлмайди, деб айтдим.
Давлат сиз билан бизники. Ҳеч ким сиз билан биз қураётган уйга келиб битта ғиштни қўймайди, ўзимиз қиляпмиз шуни. Ҳозир керакми, ёрдам берайлик. Давлат сиз билан бизга шароит яратиб, чегарани, хавфсизликни, тинчликни, осмоннинг мусаффолигини таъминлаб беряпти, ўзига юклатилган вазифани бажаряптими, сиз билан биз ҳам лаббай деб олдинга қадам ташлаб, давлатга ёрдам берайлик”.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида самарқандлик ўқитувчи Диана Енекеева мажбурий меҳнат қурбони бўлиб, ободонлаштиришга чиқарилган вақтида “КАМАЗ” юк автомобили уриб юборди. Кўп ўтмай, у шифохонада вафот этди. Бунга нисбатан Олий Мажлис Сенатининг атайин тузилган Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси, хусусан, комиссия раиси Светалана Ортиқова муносабат билдиргани йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятига борди. Сайхунобод туманида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Ўшандаги нутқида давлат раҳбари Диана Енекеева фожиасини ёдга олиб, ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш давлатга, сиёсатга хиёнат эканини айтди.
Шундан сўнг, ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши билан боғлиқ масалалар Ўзбекистонда кун тартибига чиқди. Кеча, 17 апрель куни Президент Матбуот котиби Комилжон Алламжонов брифинг ўтказди. Бош вазир Абдулла Арипов фавқулодда йиғилиш чақирди.
Хўш, Олий Мажлис Сенатида нима гап? Бутун республика раҳбарлари мажбурий меҳнатга қарши кураш учун оёққа турган пайтда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси раиси Светлана Ортиқова нега жим?
Жавоб кутамиз!
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари