Мазкур фильм “Илк фильм” киностудиясида суратга олиш учун қабул қилинди.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган, республикамизнинг турли вилоятларидан келган кўплаб ёш ижодкорларнинг лойиҳалари 2017 йилнинг 1 июлига қадар қабул қилинди ва улар орасидан саралаб олинган энг яхши тўққиз нафар талабгорнинг лойиҳаси кеча, 7 июль куни Кинематографияни ривожлантириш марказида ўтказилган танловда кўриб чиқилди.
Танловда иштирок этган ёш ижодкор Гулнора Иванованинг “Фонтан” номли қисқа метражли фильм лойиҳаси танлов комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ғолиб деб топилди ва унга махсус диплом тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга, Муҳаммадхон Юсуповнинг “Кино” номли қисқа метражли фильм лойиҳаси комиссия аъзолари томонидан юқори баҳолангани боис, мазкур фильм продюсер Изатилла Рашидов томонидан “Илк фильм” киностудиясида суратга олиш учун қабул қилинди.
Кинематографияни ривожлантириш маркази танловда ғолиб чиққан Г.Ивановага “Фонтан” номли қисқа метражли фильм лойиҳаси асосида фильм ишлаб чиқариш ишларига ҳар томонлама кўмаклашиш билан бирга яратилган фильмни маҳаллий ва халқаро кинофестивалларга тавсия этишни ўз зиммасига олади. Шунингдек, Марказ танловда иштирок этган бошқа ёш истеъдодлар билан келгусида янги лойиҳалар устида ишлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди.