Аввал судьяларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди, дея хабар берди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.
Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Мамлакатимизнинг Асосий қонунига тузатишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ киритилмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.
Қонунни муҳокама қилиш давомида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, суд ҳокимиятининг олий органи иккита эканлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги, авваламбор, суд тизимини бошқариш функцияларининг такрорланишига сабаб бўлаётган эди, амалдаги тузилма ягона суд амалиётини, хизмат вазифаларининг оқилона тақсимланишини таъминлаб бермаётган эди.
Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Сенаторлар қайд этганларидек, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши инсонларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.
Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясини алмаштириши лозим. Мажлис давомида таъкидланганидек, мазкур комиссия зарур конституциявий мақомга, етарлича ваколатларга эга бўлмаган, бу эса амалдаги судьялар корпусини шакллантириш ишларининг самарадорлигига таъсир кўрсатган.
Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 111-моддасининг янги таҳририда Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланиши (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 4-банди), Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилмоқда.
Конституция Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар беради. Конституция 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.
Айни пайтда Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. Шуни қайд этиш керакки, аввал судьяларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди.
Сенаторлар қайд этганларидек, Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ушбу ва бир қатор бошқа ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.