“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Кеча, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар томонидан маъмурий қамоқни ўташ принциплари ва тартибини мустаҳкамлаб қўйишдан иборат. Қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, шунингдек, уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш, уларни моддий-маиший ва тиббий таъминлаш тартиби белгиланмоқда. Махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг асосий ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун сарфланадиган харажатларни ундириш ва уларни меҳнатга жалб қилиш тартиби белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, махсус қабулхона ходимларининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилганда, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилганда уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш шартлари назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қайд этганларидек, қонуннинг қабул қилиниши қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқни ўташда қонун ҳужжатлари талабларини ижро этишнинг ягона амалиётини таъминлашга, ушбу соҳада ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ва мазкур органлар ходимларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.