Юнусобод ва Олмазор туманларидаги Халқ қабулхоналари томонидан аҳоли учун сайёр қабул ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим, Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, Давлат рақобат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия ва картография давлат қўмитаси, Марказий банк, “Ўзтрансгаз”, “ЖМ-Ўзбекистон” акциядорлик жамиятлари, “Ўзавтойўл” компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, суд идоралари раҳбарлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига Юнусобод тумани аҳолисидан 20 389 та мурожаат юборилган. Шундан 19 607 таси жисмоний шахслардан, 782 таси юридик шахслардан келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 18 136 таси (89 фоизи) кўриб чиқилган бўлиб, ҳозирда 2 253 та (11%) мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.
Олмазор тумани бўйича мурожаатлар сони жами 16 640 тани ташкил қилади. Шундан, 15 962 таси жисмоний шахслардан, 678 таси юридик шахслардан келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 14 793 таси (88,9%) кўриб чиқилган бўлиб, ҳозирда 1 847 та (11,1%) мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.
Сайёр қабулда туманлар фуқаролари томонидан йўлланган 200 дан зиёд мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга бевосита мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.