Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигида бўлди.
Саудия Арабистони Ҳаж вазири доктор Муҳаммад Солиҳ Бентин ва Саудия Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари масъул вакиллари, Ҳаж вазирлигининг тегишли бўлим раҳбарлари билан бўлиб ўтган музокарада Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳаж делегацияси жорий Ҳаж 2017 йил мавсуми доирасидаги ташкилий масалаларни муҳокама этдилар.
Учрашув чоғида, жорий йилдаги ҳаж мавсумини намунали ўтказиш бўйича тегишли масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳаж квотаси 2000 кишига ортгани ва жорий йилда 7200 кишини ташкил этиши, ўзбекистонлик ҳожилар Мадинаи мунаввара халқаро аэропортига келиб тушиши ва ҳаж маносикларини бажариб бўлганидан сўнг Жидда халқаро аэропорти орқали Ўзбекистонга сафар қилиши ҳамда бошқа тегишли масасалалар бўйича келишиб олинди. Учрашув якуни бўйича икки томонлама баённома имзоланди, дейилади хабарда.
Саудия Арабистони Ҳаж вазири доктор Солиҳ Бентин Ўзбекистонлик ҳожилар томонидан Ҳаж ва умра тадбирлари мунтазам тартибли ва намунали равишда амалга оширилиб келинаётганини алоҳида таъкидлаб, ўзбекистонлик зиёратчилар бугунги кунда бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган даражага кўтарилганини маълум қилди. Ҳаж вазирлиги томонидан берилаётган кўрсатма ва тавсияларни ўз вақтида, тўлақонли бажарилиши ва узвий ҳамкорлик учун Ўзбекистон томонига самимий эҳтиромини изҳор этди.
Учрашув якунида, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазири Солиҳ Бентин Ўзбекистон ҳаж делегацияси шарафига катта зиёфат берди. Ҳаж вазири Солиҳ Бентин, Ўзбекистон – дунё илм фани ва цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган алломалар юрти эканини таъкидлаб, Бухорий, Термизий, Марғиноний ва Замахшарийларни берган юртга алоҳида ҳурмат билдиришини изҳор қилди.