Сарвар Отамуратовнинг сайловолди дастурида маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш масаласига кенг ўрин берилган.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Т.Романов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда халқаро миқёсда эътироф этилган ва бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
Дастурда маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш масаласига кенг ўрин берилган. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам тарихий обидалар ва муқаддас қадамжолар кўп. И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ва Қорақалпоқ давлат Ўлкашунослик музейида жуда қимматли қўлёзмалар, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари сақланмоқда.
Номзоднинг дастурида халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш, маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музей, архив, кутубхоналар ва бошқа жойларда сақланаётган маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилмаган объектларни киритиш, юксак эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандлик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, миллий бадиий мактаблар анъаналарини ривожлантириш каби муҳим вазифалар қайд этилган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини янада кенг жорий этиш, спортнинг барча турлари, айниқса, Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, болалар спортини ривожлантириш масалалари бўйича ҳам бир қатор вазифалар илгари сурилган.
Видеоконференция тарзида ўтган учрашувда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси И.Сейтназарова, Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактаби директори В.Қаленова, Онкология касалликлари диспансери бош шифокори М.Қурбонов ва бошқалар номзоднинг дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуратов 1 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказган эди.