...
МЕНЮ
ONLINE TV

Самарқандликлар тўй-ҳашамлардаги дабдабадан ҳалос бўлишнинг йўлларини топишди


08:40, 19.10.2017 Жамият
 13 663

Депутатлар тўйларда ижро этилаётган куй-қўшиқларнинг матнини чуқур ўрганишни, пойтахтдан ташриф буюрувчи санъаткорларнинг лицензиясини қатъий текширишни тавсия этишди.

Сўнгги вақтларда тўй-ҳашамларни қисқартириш масаласи ўзбек халқи учун энг долзарб мавзулардан бирига айланиб қолди. Телеканаллар дейсизми, ёки радио, газета ва журналлар қолаверса, интернет нашрларда ҳам бу мавзу тилга олинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви чоғида тўйлардаги европача одатлар, “келин навкар”, ортиқча сарф-ҳаражат талаб этувчи сарполар, бундан ташқари, маросимдаги хонандаларнинг иштироки борасида алоҳида тўхталиб ўтганди.
 
7 август куни эса ижтимоий тармоқлар Тошкент шаҳри ҳокимининг 2017 йил 18 июлдаги фармойишига илова матни тарқалган эди. Мазкур фармойиш нусхаси расмийми ёки йўқлиги номаълум бўлиб, унда тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича бир қатор таклифлар, тавсиялар берилганди ва улар тарғиб қилиниши лозимлиги қайд этилганди. 
 
Илова матнида келтирилишича, тўйларга ёки бошқа катта маросимларга таклиф этиладиган меҳмонлар сони 200-300 кишидан ошмаслиги тавсия этилади. Бугунги кунда айрим оилаларнинг ажрашишларига сабаб бўлаётган келин сепи – мебели, гиламлари ва жиҳозлари бўлғуси қайноналар томонидан талаб қилинишига чек қўйиш лозим, дейилади иловада. Келин тушадиган уйни жиҳозлаш куёв томонидан амалга оширилиши кераклиги тарғиб қилиниши зарур, дея қайд этилган эди.
 
Самарқанд вилояти Халқ депутатлари кенгаши дабдабали тўйларни ўтказишга чек қўйиш ва маросимларни тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқди.
 
Депутатлар тўйларда ижро этилаётган куй-қўшиқларнинг матнини чуқур ўрганишни, пойтахтдан ташриф буюрувчи санъаткорларнинг лицензиясини қатъий текширишни тавсия этишди.
 
Бундан ташқари, вилоят Ички ишлар бошқармаси келин ва куёвнинг фотосессияси ва сайр қилиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини қатъий назоратга олиши белгиланди.
 
Бу ҳужжат диний маросимлар, урф-одатлар, оилавий маросимлар ва тўй-ҳашамларни ўтказиш бўйича жамоат кенгаши томонидан маъқулланди.
 
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини янада ихчамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Унда ҳар қандай тадбирларни бир кунда, кўпи билан 200–250 нафардан ортиқ меҳмонларни жалб этмаган ҳолда ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилиши тавсия этилган эди.
Дурдона Расулова 

Теглар:Тўй-ҳашам Самарқанд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар