
Спортчиларга юксак натижалари учун пул мукофотлари сертификатлари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов спорт жамоатчилиги фаоллари ҳузурида бокс бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ва совринли ўринларни эгаллаган спортчиларни юксак натижалар билан табриклаб, уларга зарбоп тўнлар кийгизди ҳамда пул мукофотлари сертификатларини топширди.
Маълумот учун, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медал жамғариб, илк маротаба умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Йилнинг энг нуфузли мусобақасида Шаҳрам Ғиёсов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганди.
Шунингдек, -69 кг вазн тоифасида олтин медальни қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсов бокс бўйича АИБА ташкилотининг Twitter ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, дунёнинг энг яхши боксчиси дея тан олинганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бундан ташқари, жаҳон чемпионатида Ҳасанбой Дўсматов, Жасур Латипов ва Иқболжон Холдоров кумуш, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсунов каби ўзбекистонлик боксчилар бронза медалларига сазовор бўлишганди.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти ҳокими Шаҳрам Ғиёсов ва унинг мураббийи Равшан Хўжаевга Gentra автомобилларини совға сифатида топширганди. Андижон вилояти ҳокими эса кумуш медаль соҳиби бўлган Ҳасанбой Дўстматовга телевизор берганди.