...
МЕНЮ
ONLINE TV

Раҳматилла Мирзаевнинг қотиллари жазосини олди, бироқ...


00:23, 02.03.2016 Жамият
 34 913

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳматилла Мирзаев ўз уйида ваҳшийларча ўлдириб кетилганига бир йил тўлди.

Бундан роппа-роса бир йил аввал 2 март тонгида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳматилла Мирзаевнинг қотиллик сабаб вафот этиши маданиятимиз ва санъатимиздаги оғир йўқотиш бўлди. Бугун Раҳматилла Мирзаевнинг вафот этганига бир йил тўлди. Эътиборингизга ўтган йили  Раҳматилла Мирзаевнинг вафоти юракларни тирнаб, бу яра ҳали битмаган вақтлар ёзган мақоламни ҳавола этаман.

Инсон зоти умр бўйи меҳнат қилиб, орзу-ҳаваслари ортидан югуради. Оила, фарзанд, рўзғор ташвишлари... Йиллар ўтиб қўли ошга етай, деганда эса...

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ўзбекистон” телерадиоканали сухандони Раҳматилла Мирзаев 2015 йилнинг 2 март¬ куни ўз уйидаги қотиллик сабаб 61 ёшида оламдан кўз юмди. Сухандон пойтахтдаги “Минор” қабристонига дафн этилди. Бу йўқотиш нафақат марҳумнинг яқинлари ва оила аъзолари, балки минглаб мухлислари, телетомошабинларнинг, шу қаторда бизнинг ҳам кўнглимизни ларзага солди...
 
Актёрликдан дикторликкача...

Сухандонликнинг ўзига яраша масъулияти, юки ва қийинчиликлари бор эди. Телеэкран шу чоққача қанчадан-қанча сухандонларни кўрмади дейсиз?! Даврон Зуннунов, Ўктам Жобиров, Насиба Иброҳимова, Насиба Қамбарова, Мирзоҳид Раҳимов каби фидойи, ўз ишининг етук мутахассислари айнан шу маскандан камол топиб, эл назарига тушишган.

Ана шундай сухандонлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳматилла Мирзаев 1954 йилнинг 22 сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У оилада уч фарзанднинг ўртанчаси, ягона ўғил фарзанд эди.

Санъатга, актёрликка бўлган қизиқиш уни 1972 йил ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият¬ институтига етаклади. 1976 йилда институтнинг Драматик театр ва кино актёрлиги йўналишини тамомлаган Раҳматилла ака талабалик кезларида ТВда дикторлик бўйича ўтказилган танловларда қатнашиб, сухандонликка бел боғлаган, ўша пайтларда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Бадиий сўз усталари” танловида ҳам муваффақиятли иштирок этган эди.
 
Ўткир нигоҳ, жарангдор овоз соҳиби эди

Раҳматилла Мирзаев 1979 йилда Раиса опа билан турмуш қуради. 1980 йилда катта фарзандлари Зарифа, 1992 йилда ўғли Умид дунёга келади. Тақдир Раҳматилла Мирзаевни жуда кўп синовлардан ўтказди. Оиласидан ажрашган Р.Мирзаев 2006 йилда хонанда Аъло Раҳимова билан турмуш қуриб, қиз фарзанд кўради. Унга Шодия деб исм қўйишди.

Раҳматилла Мирзаев ўзбек телевидениеси тарихида, сухандонлик мактабида ўчмас, такрорланмас из қолдирди. 1980-90 йилларда у олиб борган дастурлар кундан-кунга оммалашди. “Ассалом, Ўзбекистон”, “Дилдаги гаплар”, “Ахборот” ёхуд байрам арафасидаги кўрсатувларнинг ҳеч бирини Раҳматилла Мирзаевнинг чиқишларисиз тасаввур қилиб бўлмасди. Дарвоқе, Раҳматилла Мирзаевнинг касб маҳорати ҳақида сўз кетганда уни телевидениедаги ҳам рус, ҳам ўзбек тилида мукаммал гапира оладиган саноқли сухандонлар қаторида туришини назардан четда қолдирмаслик лозим. У ўзидан жуда катта мактаб, қатор шогирдлар қолдирди. Уни эслаганда ҳар бир қалб тўлқинланиб кетади, соғинчли кўз ёшлари отилиб чиқаверади.

Насиба Мақсудова, сухандон:
— Бу жуда оғир мусибат. Раҳматилла бундай ўлим топишга лойиқ эмасди. У атрофидагиларни яхши кўрадиган инсон, қадрдон ҳамкасб, меҳрибон ота эди. Ҳеч қачон оиласи, фарзандлари ёки ҳаёт ташвишларидан нолиганини эшитмаганман. Бир-биримизга шунчалар ишониб, битта оиладек бўлиб қолгандик. Бу совуқ хабарни эшитганимда юрагимдан нимадир узилди. Раҳматилла ўзбек томошабинининг қалбида узоқ йиллар чиройли табассуми билан сақланиб қолишига ишончим комил.

Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Раҳматилла Мирзаев билан танишганимда ҳали институтни битирмаган эдим. Телевидениега келганимда Раҳматилла ака билан танишиб, жуда тез чиқишиб кетдик. Шу қадар яқин бўлиб, ака-ука тутунгандик. Тўйим бўлишидан бир неча кун аввал уйга келиб, “ЗАГС" куни қора костюм-шим киймагин, атиги бир марта кийилган қаймоқ ранг костюм-шимим бор, шуни бераман, қорасини тўйда киясан”, – деганди. Ўз укасидек кўрганидан, ҳатто, менга кийим¬ларини беришга оғринмаганди.

Менинг тўйим билан яқин дўстининг тўйи бир кунда бўлиб қолган. Шу куни Раҳматилла аканинг бир оёғи меникида, иккинчиси дўстиникида бўлганди. “Муслим ёш бола-ку...” демаган. Бир сўз билан айтганда, Раҳматилла Мирзаев киришимли, қувноқ инсон эди...

Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти:
— Раҳматилла Мирзаев билан бир неча йиллик қалин дўст эдик. Вафотидан бир кун аввал, яъни 2015 йилнинг 1 март куни концертимга келиб, меҳмон бўлди. Кичкина қизчасини ҳам олиб келган экан, концерт сўнггида ҳаммамиз бирга суратга тушдик. Ўша куни Раҳматилла ҳар қачонгидан ҳам қувноқ эди. Минг афсус бугун ёнингда турган, ҳазиллашиб, юзинга табассум улашаётган кишилар, эртага бу дунёни тарк этишини ўйламас эканмиз.

Галина Мельникова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Бу ҳаммамиз учун оғир жудолик бўлди. У ҳар доим ёрдамга шай турадиган, оқибатли дўст эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир йили онам оғир хасталаниб қолди. Раҳматилла худди ўз укамдек хизматда бўлиб турди. “Галина Витальевна, истаган пайтингизда қўнғироқ қилинг, машинамда дарров етиб бораман”, – деганди. Ва ўз сўзида турди.

Раҳматилла бировнинг дарди, ташвишини ўзиникидек қабул қиларди. Гоҳида бошқалар учун ҳам масъулиятни бўйнига олиб, кўксини қалқон қила оларди. У мард инсон эди!

Шуҳрат Қаюмов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Устозим Раҳматилла ака билан 1988 йилда телевидениеда танишганмиз. Ўшандан буён қадрдон, ака-укадек бўлиб қолгандик. У киши ўз ишининг ҳақиқий устаси, фидойиси эди. Ҳар бир сўзга шу қадар масъулият билан ёндашар эдики, яқин-яқингача кўп бора улардан маслаҳат олиб турардим. Кундузими, ярим кечасими, қўнғироқ қилиб, “Раҳматилла ака, мана бу сўз қандай ўқилиши керак”, – десам эринмай, мен билан баравар гапни такрорлаб, қаерга урғу қўйишни ўргатарди. Минг афсус, Раҳматилла аканинг жуда катта билими, бир неча йиллик тажрибаси, сухандонлик мактабидан етарлича фойдалана олмай қолдик.

Малика Холматова, Р.Мирзаевнинг синглиси:
— Бир неча йил аввал автобусда онам билан бувимларникига кетаётганимизда орқа ўриндиқда ўтирган икки аёлнинг суҳбати қулоғимизга чалинди. “Эшитдингми, диктор Раҳматилла Мирзаевни ўлдириб кетишибди”, – деди бири иккинчисига. Аслида акамнинг ошқозони безовта қилиб, шифохонада даволанаётганди. Ўшанда бу совуқ хабарни эшитган заҳотимиз онам билан шифохонага учиб борганмиз. (Ўйланиб) Акам опам ва менинг суянган тоғимиз эди. Чидаймизда, тақдир экан! Одамлар билиб-билмай, худди ўзи гувоҳи бўлгандек турли бўҳтонларни ўйлаб топишди. Акам фожиали ўлим топди. Айни шу вазиятда ёнимизда бўлиб, кўча-кўйдаги, интернетдаги туҳмат гапларга ишонмай бизни қўллаб-қувватлаётганларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Насиба Қамбарова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Бир сўз билан айтганда Раҳматилла жуда яхши инсон эди. Ҳеч қачон биров билан “сен-мен”га борганини, дилозорлик қилиб, одамларга ёмон гапирганини эшитмаганман. Ёнимда ҳам, ортимдан ҳам исмимни айтмай, онажон, деб чақирарди. Мен яқин кишисини йўқотиш нима эканини жуда яхши биламан. Шунинг учун уларнинг оила аъзоларига фақат сабр тилайман.


 
“Ўзбекистон” телерадиоканали диктори Раҳматилла Мирзаевнинг фожиали вафоти билан боғлиқ хабарлар яшин тезлигида тарқалди. Кўплаб интернет нашрлари айни шу мавзуда бонг урди. Раҳматилла Мирзаевга уюштирилган суиқасд, унинг уйидаги қотиллик сухандонга жаноза ўқилмай ту-рибоқ интернетдаги ижтимоий тармоқлар “whatsapp”, “telegram”да куннинг асосий мавзусига айланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хил гапларни эса марҳумга бегона бўлганлар эмас, балки айни санъат соҳасида фаолият юритган кишилар тарқатгани ачинарли ҳол. Интернет оламини кузатар экансан, “турли гап-сўзлар ва фотосуратларни оммага тарқатаётган одамлар инсоф-диёнатни, умуминсоний қадриятларни ёддан чиқаришдими?” деган савол қийнайди. Наҳот бир-биримизга шу қадар бегоналашиб кетаяпмиз. Бировнинг фожиасида дардига шерик бўлиш ўрнига, шу фожиа тафсилотини ошириб-тошириб етказишга ошиқамиз. Шундай экан, билиб-билмай, бўҳтон гапларни тарқатишдан кимга не наф?

Жиноят жазосиз қолмади

2015 йилнинг 8 август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматилла Мирзаевни қасддан ўлдирган қотилларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш ўз якунига етди. Тошкент шаҳар суди мазкур қотиллик бўйича Қудрат Шоазизов ва Умид Мирзаевни айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра жиноятчилар ўз жазосини олиб Қудрат Шоазизов 14 йил, Умид Мирзаев эса 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Халқда "Ўлдинг, азиз бўлдинг", деган гап бор. Йўқ! Раҳматилла Мирзаев тириклигида ҳам халқнинг азиз, эрка, суюкли фарзанди эди. Қанчадан-қанча авлод вакиллари унинг жарангдор овозини эшитиб, экран орқали унга ҳавас қилиб улғаймади дейсиз... У одамлар қалбидан ўз ўрнини топган эди. Бугун эса бу бўшлиқни тўлдира оладиган, унинг ўрнини босадиган дикторлар йўқдек. Раҳматилла Мирзаев ўзбек халқининг севимли сухандони бўлибгина қолмай, 3 фарзанднинг отаси, 2 набиранинг бобоси эди.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Раҳматилла Мирзаев Хотира 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар