Шаҳар ҳокими қурилаётган ҳудуд тўғрисида батафсил маълумот берди.
Мазкур шаҳарнинг ақлли жиҳатлари ҳақида Нурафшон шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов батафсил маълумот берди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.
Раҳимов қурилиши бошланган “ақлли шаҳар” Нурафшон тўғрисида қуйидагиларни маълум қилди:
“Шаҳримизнинг “ақлли”лиги энг охирги технологиялар қўлланиши ва инсоннинг яшаши, ҳаёт кечириши учун қулайлик жиҳатларида кўринади. Ундаги уйлар, бинолар автоматлаштирилган бўлади.
Яъни ўзингиздаги мавжуд смартфон ёки планшет кўмагида уйингизнинг иссиқлиги, ёруғлигини назорат қила оласиз. Шунингдек, транспорт қатнови, қайси маршурут қачон келиши ҳақидаги билиб оласиз.
Марказда янги замонавий бекатлар бўлади. Агар смартфон ёки планшетингиз бўлмаса, бекатларда ўрнатилган экранлардан автобуслар ва маршуруткалар келиш-кетиш вақти ҳақида маълумот оласиз”.
Ҳоким, шунингдек, экология тозалигини сақлаш мақсадида чиқиндиларни ташлаш нуқталаридаги контейнерларга GPS навигатори ўрнатилишини маълум қилди.
Таъкидланишича, бу ускуналар бошқарув тизимига контейнерлар тўлгани ҳақида маълумот юборади. Бу эса чиқинди ташувчи транспортларни бекорга вақт сарфлаб, тўлмаган чиқиндихона олдига бормаслик, тўлганини эса вақтида олиб кетишга имкон беради.
Шаҳарда 200 та кузатув камералари ўрнатилиб, марказлашган ҳолда хавфсизлик таъминланади.
Усмон Раҳимов мазкур шаҳар 20 минг аҳоли истиқомат қилишига мўлжалланаётганини билдириди. Энг эътиборлиси шаҳардаги ташкилотларда ишлайдиган 7 минг ходимнинг оила аъзолари билан ҳисоблаганда 17 мингни ташкил қилиши таъкидланган. Қолган 3 минг нафар аҳоли шу ҳудуддаги объектларда хизмат қилувчилардир.
Маълумот ўрнида, “ақлли шаҳар” лойиҳаси сингапурлик мутахассислар ғояси асосида ташкил қилинган бўлиб, хорижликлар томонидан қурилиш ишлари олиб борилади.
Қолаверса, лойиҳа муаллифлари билан айрим объектларга замонавийлигини йўқотмаган ҳолда миллий безаклар туширишга келишиб олинган.
Биноларнинг ташқи ва ички кўринишида эса Самарқанд ва Бухородаги миллий шакллардан фойдаланилади.