“Сирдарё” чегара божхона постида Қозоғистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудига гиёҳванд моддалар олиб ўтаётганида қўлга олинди.
Гумондорнинг юклари ва ўзи Сирдарё вилояти контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда МХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда холислар иштирокида божхона назоратидан ўтказилганда унинг ёнидан 3 та алоҳида целлофанга ўралган марихуанна топилди.
Марихуанна пакетларидан биттаси гумондорнинг эгнидаги курткасининг чап ички чўнтагидан, иккинчиси эса божхона назорати ўтказилган жойидан бир қадам нарида турган гул тувак олдидан (у томонидан ташлаб юборилган) топилди. Учинчи пакет гумондорнинг чап оёғига кийиб олган пайпоғи ичидан топилди.
Дастлабки терговолди текширув жараёнида гумондор ўзининг берган кўрсатмаларида унинг ёнидан топилган 3 дона целлофан пакетларга жойлаштирилган “наша” ўсимлиги эканлигини, ўзи истеъмол қилиш учун олиб ўтаётганлигини баён қилган.
Шундан сўнг, ҳолислар иштирокида Қозоғистон Республикаси фуқаросига нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, унинг ёнидан топилган 3 дона целофан пакетдаги марихуанна ашёвий далил тариқасида олинган.
Вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, ушбу модда таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган “марихуанна” моддаси эканлиги тасдиқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Қозоғистон Республикаси фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Республикасига Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.