
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.
Бугун, 24 июнь куни эрталаб қурбонлар ва жабрланганлар Актобе вилоятидан Ўзбекистонга йўл олгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикасининг 9 нафар вафот этган, 7 нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар фуқаролари Актобе шаҳар аэропортидан Тошкент шаҳрига соат 11:40 олиб келинди.
Вафот этган фуқаро М.Эргашев Hyundai русумли махсус тиббий автомашинасида Жиззах вилоятига олиб борилади. Вафот этган фуқаро Т.Жумаев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси кўмагида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар аэропортига олиб борилади, дейилади ФВВ Ахборот хизмати хабарида.
Шунингдек, вафот этган 7 нафар фуқаро 24 июнь куни соат 12:40 да Мудофаа вазирлигининг самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келиниб, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи яқинларига топширилади.
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.
ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.
Қолган фуқароларга доимий яшаш жойларига етиб боришлари учун амалий ёрдам кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу амалиёт Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилди. Олдинлари жасадларни Ватанга қайтариш бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК шуғулланар эди. Бу сафаргиси эса ТИВ ва ФВВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор ташаббус бўлди.