Анжуман доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 13-том китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.
“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” номи остида жами 25 жилдли китоб-альбомлар туркум лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 6 апрелдаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомалари асосида амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар чоп этилган 12 та китоб-альбом жилдида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги 2 меъморий мажмуа – Регистон ва Шоҳи Зинда обидалари ҳамда улардаги ёзувлар ҳақида маълумот берилган эди.
Кеча тақдимоти бўлган 13-жилд Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тарихий қадамжолар ва меъморий мажмуаларга бағишланди.
Тадбирнинг муҳим воқеаси сифатида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 3250 дона китоб-альбомини ўз ичига олган 250 та тўплам илмий таълим муассасалари, миллий ва жаҳон кутубхоналари ҳамда музейлари, шунингдек, дипломатик миссиялар раҳбарларига совға сифатида тақдим этишга бағишланган илмий-маърифий акция ўтказилди.
Тадбирда йил сўнгигача яна 2 та китоб тақдимоти ўтказилиши режалаштирилгани таъкидланди.