Орол денгизи қуришига қарамай ҳудудни ривожлантириш имкониятлари ўрганиляпти.
Қозоғистон миллий географик жамияти Qazaq Geography Орол денгизини ўрганиш бўйича янги экпедиция бошлади. Экспедиция таркибига олимлардан ташқари журналистлар ва сураткашлар ҳам киритилган. Улар Оролдаги ҳозирги вазиятни ўрганиш билан биргаликда денгиз атрофидаги туристик йўналишлар харитасини ҳам шакллантирадилар.
Ташкилотчиларнинг айтишларича, бу Qazaq Geography’нинг Оролга уюштирган учинчи экспедицияси. Ундан мақсад ҳудуднинг нафақат иқтисодий, балки туризм салоҳиятини ҳам ривожлантириш. Денгизнинг асоратли қуриб бошлаганига ярим асрдан ошганига қарамай, кўплаб одамлар у ерларни тарк этмаган. Чунки улар ҳеч бўлмаса Кичик Оролнинг қайта “жонланишидан” умидвор.
2016 йил Назарбоев университети олимлари Қозоғистон миллий географик жамияти экспедицияси таркибида Шимолий Оролнинг бир қанча нуқталарида сувнинг шўрланганлик даражасини ўрганиб, сувнинг шўрланиши ўрта даражагача тушганини аниқлаганлар. Демак, Шимолий Оролдаги экологик вазият ҳавас қилгудек бўлмасада, яхшилана бошлаган.
“Авалон” тарихий-география жамияти раҳбари Виталий Шуптар минтақани ривожлантиришни туризм салоҳиятини жонлантиришдан бошлаш кераклигини таъкидлаган.
“Европа ва Америкадан келаётган туристлар собиқ порт ҳудудидаги “Кемалар қабристони”га қизиқадилар. Уни кўриш учун катта масофаларни машина, мотоцикл, велосипед ва пиёда босиб ўтадилар”, дейди Виталий Шуптар.
Тарихчи Оролбўйининг сайёҳлар учун энг қизиқарли даври Собиқ Иттифоқ даври эканини таъкидлади. Айнан шу вақтда экологик ҳалокат юз бериб, ўзидан занглаган кемаларнинг суратбоб объектларини қолдирган.
Марказий Осиёга келган саёҳлар минтақани кетма-кетликда айланишни хуш кўришларини ҳисобга олган Шурпин, минтақада трансчегаравий туризмни ривожлантириш ҳар қайси Марказий Осиё давлати учун муҳимлигини қайд этмоқда.
Қуриб қолган денгиз ҳудудининг туризм имкониятларини ташкил этилган 20 кунлик экспедиция, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг деярли етти минг километрлик чегара ҳудудини ўрганиб чиқиб, баҳо беради.
Маълумот ўрнида, Орол денгизи 1960 йилдан қурий бошлаган. Мўйноқдаги аҳоли тўғон ва каналлар қуриб унинг сувини қайтаришга уринганлар. Аммо натижа бўлмаган. 2000 йилга келиб денгиз суви Мўйноқдан 200 километрдан ортиқ масофага узоқлашиб кетган.
Ҳозирда Орол денгизи уч қисмга бўлиниб қолган: Кичик, Шарқий ва Ғарбий Орол.