Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурлари тасдиқланди.
Ҳукумат қарори билан 2018–2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Миришкор ҳамда Чироқчи туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурлари тасдиқланган.
Мазкур дастурлар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек қурилиш материаллари, енгил саноат ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, хизматлар соҳаси ва сервисни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасининг янада барқарор ривожланишини таъминлаш, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олган.
Дастурлар доирасида вилоятнинг Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи туманларида жами 1305 та лойиҳанинг амалга оширилиши, бу орқали эса 4500 га яқин янги иш ўринларининг яратилиши назарда тутилган.
Хусусан, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар доирасида Деҳқонобод туманида 160 ўринли мактабгача таълим муассасаси, Болалар-ўсмирлар спорт мактаби таркибида ёпиқ сузиш ҳавзасини қуриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Миришкор тумани марказида янги Маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш, Оилавий поликлиника биносини қуриб фойдаланишга топшириш, туман тиббиёт бирлашмасида тез тиббий ёрдам маъмурий биноси фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.
Шунингдек, Чироқчи туман марказидаги кўп қаватли уй-жойларнинг канализация тизими тубдан янгиланади. Бунинг учун 1 млрд. 56 миллион сўм ажратилади.