...
МЕНЮ
ONLINE TV

Прокурор Гулнора Каримовага пора берганлар учун максимум жазо сўради


16:04, 25.12.2018 Жамият
 18 958

Суд ўз ҳукмини 2019 йилнинг 15 февраль куни эълон қилиши кутилмоқда.

Швеция пойтахти Стокгольм шаҳар судида Telia ширкатининг собиқ уч раҳбари устидан тўрт ой давом этган шов-шувли суд жараëнининг 19 декабрь кунги сўнгги эшитувида прокурорлар айбланувчиларга швед қонунчилигида коррупция учун белгиланган энг оғир жазо берилишини сўради. Бу ҳақда оммавий ахборот востилари хабар берди.
 
Суд ўз ҳукмини 2019 йилнинг 15 февраль куни эълон қилиши кутилмоқда.
 
19 декабрь куни қарийб 4 ой давом этган суд эшитувлари якунига етди.
 
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни бошланган мазкур судда Скандинавиядаги энг йирик Telia (эски номи TeliaSonera) телеком ширкати собиқ раҳбарларидан уч нафари Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора берганликда айбланди.
 
2007 йил бошида TeliaSonera’нинг Ўзбекистон телеком бозорига кириш жараëнини бошқарган асосий шахс – ширкатнинг ўшандаги Евроосиë бўйича вице-президенти ва молиявий директори Теро Кивисаари прокурорлар томонидан мазкур коррупция схемасидаги асосий шахс деб топилди ва унга 7 йилу 9 ойлик қамоқ жазоси сўралди.
 
Швеция қонунчилиги коррупция билан боғлиқ жиноятларга 6 ойдан 6 йилгача қамоқ жазоси белгилашни кўзда тутади.
 
Прокурорлар, Кивисаарини коррупциядан бошқа яна бир қатор жиноятларни содир этганликда ҳам айблади.
 
Кивисаари адвокатлари сўнгги чиқишида ҳам бу айбларни инкор қилди ва 2007 йил – Каримовага пора берилган даврдаги швед қонунчилиги бўйича Кивисаари ҳаракатлари пора бериш деб таснифланмаслигини яна бир бор такрорлади.
 
(2007 йилда амалда бўлган швед қонунчилигига кўра, у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва адвокатларга кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистон телекоммуникация соҳаси бўйича қарор чиқарадиган давлат расмийси бўлмаган.)

Прокурорлар қолган икки судланувчи - ширкатнинг 2007-2013 йиллардаги бош ижрочи директори Ларс Нюберг ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туимага ҳам очиқ мажлисда очиқланмаган қамоқ жазоси сўради.
 
Бу жазонинг Кивисаарига сўралган кескин жазодан анча кам экани айтилмоқда.
 
Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер 2012 йилнинг сентябрида, Швеция жамоатчилик телевиденияси журналистлари TeliaSonera Ўзбекистонга кириш учун Каримовнинг тўнғич қизига пора бергани ҳақидаги суриштирувини эълон қилгани ортидан ўз тергов-текширувини бошлаган эди.
 
Олти йил давом этган жиноят ишини хулосалаган прокурор, ширкатнинг Евроосиë бозоридаги фаолиятини тўлиқ назорат қилган Теро Кивисаари кимга ва қанча пора бериш масаласида қарор берганини билдирди.
 
Прокурор таъкидича, айнан Кивисаари рухсати билан амалга оширилган коррупция кўлами, Скандинавия давлати учун мисли кўрилмаган даражада каттадир.
 
“Бу масалада “ҳа” ëки “йўқ” дейиш, Кивисаарининг қўлида эди. Каримовага пора бериш эҳтимолини тўхтатиш ўрнига, у бир гуруҳ маслаҳатчи-адвокатлар кўмагида пора беришни танлади. Бу жараëндаги шартнома матнини ëзиш ва бошқа шу каби кундалик ишларни унинг ҳуқуқий маслаҳатчилари қилган”, деди швед матбуотига суд эшитувлари тугаганидан сўнг гапирган Стетелер.
 
TeliaSonera Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош ҳуқуқий маслаҳатчи Ули Туима Кивисаарига пора бериш жараëнини легаллаштиришда ëрдам берганлик, 2007 йил сўнгида ширкат раҳбари этиб тайинланган Ларс Нюберг эса, Ўзбекистонга ноқонуний шартлар асосида кириш жараëнини тўхтатмаганликда айбланди.
 
“Ўзбекистонга кириш режаси TeliaSonera бизнес кўлами ва даромадини ошириш амбицияси билан ширкат президентлигига келган Нюберггача пишиб бўлган эди. Лекин у бу лойиҳани тўхтатиши мумкин эди. Нюберг эса, коррупциялашган бўлса ҳам, бу келишувдан воз кечмасликка қарор қилди. Матбуот ва айрим ҳамкасблари бу ишнинг нотўғри эканини айтганидан сўнг ҳам Нюберг бу огоҳлантиришларни инобатга олмади”, дейди Стетлер.
 
Стокгольм шаҳар судининг ўз ҳукмини 15 февраль куни эълон қилиши кутилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, Telia ширкатининг Ўзбекистондаги UCell брендини давлатга сотиб юборди. Давлат томонидан акцияларни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қабул қилиб олди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Гулнора Каримова Telia коррупция 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар