Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари саккиз ой давомида Темур Юсуповни қидиришган ва яхши натижага эриша олмаган.
Пойтахтнинг Бектемир туманидан топилган одам жасадининг қолдиқлари кимга тегишли эканлиги суриштирилганда эса, Темур Юсуповнинг қаерда эканлиги, қандай ҳолатда эканлиги маълум бўлади. Уни аввал ўлдириб, кейинчалик кўмиб кетишган эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари саккиз ой давомида Темур Юсуповни қидиришган ва яхши натижага эриша олмаган. Темур Юсупов кўз шифокори бўлиб ишлаган, қариндошларининг гувоҳлик беришича, ҳеч ким билан қасдлашмаган. Унинг қаерга кетганлигини ҳеч ким билмаган.
Тезкор ходимларнинг сўзларига қараганда, қариндошларининг ҳар гал берган янги кўрсатмаси, олиб борилаётган қидирув ишларининг қайтадан бошланишига сабаб бўлган. Онасининг таъкидлашича, ўғли унга тез-тез телефон қилган ва SMS ёзиб турган. Ҳатто, уни Яқин шарқ давлатларига кетган, деган тахминлар ҳам илгари сурилган.
Яқинда, Чирчиқ дарёси бўйида олиб борилган қазилма ишларида, одам жасадининг қолдиқлари топилган. Ўтказилган экспертиза текширувлар буларнинг, қидирувга берилган Темур Юсуповга тегишли эканлигини аниқлаган. Шундан кейин, вазият ойдинлаша бошлаган.
Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Бобур Деҳқоновнинг воқеага изоҳ беришича, “Дастлабки суриштирув ишларини олиб бориш жараёнида, икки эркакнинг Темур Юсуповни Миробод туманидаги ижарага олинган хонадонлардан бирига таклиф қилгани аниқланган. Шу хонадонда улар Темур Юсуповни бўғиб ўлдиришган.
Кейин жасадни, “Газель” русумли автомобилга ортиб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетишган. Жиноят изларини яшириш мақсадида, Бектемир туманида Чирчиқ дарёсининг қирғоғига жасадни кўмишган. Жиноятнинг асосий сабаби – рашк бўлган, дейилмоқда. Чунки, уни ўлдирганлардан бири, марҳумнинг хотини билан ишқий муносабатда бўлган”.
Натижада, жиноят иши ЎзР ЖК 137- моддасидан, ЎзР ЖКнинг 97 моддасига, яъни, “Оғирлаштириладиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш”га ўзгартирилган.
Ҳозирги вақтда гумонланувчилар қўлга олинган ва уларга нисбатан, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ишлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев, “Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан, бу жиноий ишни фош этиш учун керакли ишлар амалга оширилди, деб таъкидлади.
Тан олиш керакки, жиноятчиларнинг изига тушиш осон бўлмади. Чунки бу аввалдан, пухта режа асосида ташкиллаштирилган, жиноят бўлган.
Бизнинг ходимларимиз, охирги дақиқагача Темур Юсуповнинг тириклигига ва уни топишимизга ишонишганди. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Энди, бизнинг ходимларимизнинг асосий вазифаси, бу жиноий ишнинг барча иштирокчиларини аниқлаш ва тергов ишларини якунлашдан иборатдир” – деган, Дониёр Тошхўжаев.