Оддий ҳолатларда ҳам беморлар пойтахтдаги тиббиёт масканларига қатнаб, муолажа олишга мажбур бўлмоқда.
Янгийўл туманида 262 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман тиббиёт бирлашмасининг илк биноси 1912 йилда қурилган. Сўнгги биноси 1979 йилда фойдаланишга топширилган. Кейинги йилларда биноларда қисман таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бугунги кунга келиб шифо масканининг аксарият бинолари маънан эскирган. Тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиш даражаси ҳам замон талабларига жавоб бермайди. Оддий ҳолатларда ҳам беморлар пойтахтдаги тиббиёт масканларига қатнаб, муолажа олишга мажбур бўлмоқда.
“Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад одамларни рози қилиш, саломатлигини янада мустаҳкамлашдир. Жойлардаги аҳвол билан танишаётганимиз, тиббиёт муассасалардаги шароитларни ўрганаётганимиз келгусида ишларимизни тўғри йўлга солишда яхши самара беради”, деди Президент.
Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси ҳудуди салкам 10 гектарни ташкил этади. Давлат раҳбари бу ерда яқин келажакда 5 гектарда 20 дан ортиқ йўналишда хусусий, қолган қисмида давлат тиббиёт муассасаларини ташкил этиш, уларни энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Зангиота туманидаги “Highway Logistics” лигистика маркази фаолияти билан танишди. Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалласида меҳмон бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди.