...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент тез тиббий ёрдам хизматини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади


09:14, 17.10.2018 Жамият
 3 270

Қарорда мазкур хизмат турини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарор матни ЎзАда келтирилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолаётганлиги қайд этилсин.
 
Жумладан, республикада тез тиббий ёрдам хизматини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш юзасидан қабул қилинган бир нечта қарорларнинг натижалари бугунги кунга қадар сезилмаяпти. Тез тиббий ёрдам чақирувларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш эскича, қўл механизмлари ёрдамида бажарилмоқда.
 
Тез тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида беморларнинг касалхонага етиб боргунга қадар вафот этиши кўпайиб бормоқда. Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида эса ўлим сони икки баравардан тўрт бараваргача ошган.
 
Мурожаатларни саралашнинг амалдаги тартиби мавжуд куч ва воситаларни энг муҳим чақирувларга хизмат кўрсатиш учун йўналтириш имконини бермайди, натижада ёлғон чақирувлар сони ошмоқда ёки сурункали касалликлари авж олган, бироқ ҳаёти хавф остида бўлмаган беморларга хизмат кўрсатилмоқда.
 
Ажратилаётган бюджет маблағлари сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш имконини бермаяпти.
 
Тез тиббий ёрдам хизматини жадал ривожлантириш, унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишда тезкор, технологик ва самарали фаолият кўрсатишга эришиш мақсадида:
 
1. Шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатиш тез тиббий ёрдам хизматининг устувор вазифаси деб ҳисоблансин.
 
2. Тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
 
3. Қуйидагилар 2019 йил 1 январдан бошлаб Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг 19 фоизи;
 
халқаро ва хорижий молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
 
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушган даромадлар;
 
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;
 
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
 
Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга сарфланиши белгилаб қўйилсин:
 
тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харид қилиш;
 
тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этиш;
 
тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига устамалар, мукофот пуллари ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш;
 
тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.
 
Тез тиббий ёрдам хизматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан молиялаштиришнинг амалдаги тартиби ва ҳажмлари сақлаб қолинсин.
 
Жамғарманинг маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда –Вазирлик) ҳайъати қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
 
4. Вазирлик белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича махсус автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тиббиёт ускуналари ва сарфланадиган материаллар, компьютер техникаси, алоқа воситалари, техник ўқитиш воситалари, адабиётлар ва тез тиббий ёрдам хизматига зарур бошқа моддий-техника ресурслар учун 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод этилсин (божхона йиғимлари бундан мустасно).
 
5. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
 
Жамғарма тўғрисидаги низомни ҳамда Жамғарма даромадларини шакллантириш ва маблағларини сарфлаш тартибини;
 
Жамғарманинг 2019 йилга мўлжалланган харажатлар сметасини, шу жумладан, ушбу қарорни ижро этиш учун зарур маблағларни назарда тутган ҳолда тасдиқласин.
 
6. Қуйидагилар:
 
2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
 
Тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Белгилаб қўйилсинки:
 
тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиши ва Вазирликнинг веб-сайтида эълон қилиб борилиши лозим;
 
баҳолаш натижалари тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш учун асос бўлади, шунингдек, хизмат муассасаларини раҳбар кадрлар билан тўлдиришда ҳисобга олинади.
 
7. Вазирлик:
 
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда – Миллий палата) билан биргаликда икки ой муддатда Тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторларини ҳисобга олган ҳолда тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикасини тасдиқласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан биргаликда тез тиббий ёрдам хизматини 2020 йилдан бошлаб авиация техникаси билан жиҳозлаш ва (ёки) авиация хизматларини харид қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида харид қилиш бўйича таклифларни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 
чақирувлар тузилмасидан, тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан кўрсатиладиган ёрдам ҳажми ва хусусиятидан келиб чиқиб, фельдшерлик бригадалари улушини оширган ҳолда тез тиббий ёрдам хизматини 2019 йил якунига қадар қайта тузиб чиқсин;
 
икки ой муддатда республиканинг айрим ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам хизматини бошқариш ҳуқуқини давлат-хусусий шериклиги асосида инвесторларга ўтказиш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
8. Вазирликнинг Шошилинч тиббий ёрдам ўқув марказини Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази этиб (кейинги ўринларда – Марказ) қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
 
Белгилансинки, Марказ тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий методик муассаса ҳисобланади.
 
9. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
 
авария-қутқарув хизматлари, давлат органлари ва ташкилотлари, бошқа юридик шахслар ходимларини, шунингдек, фуқароларни шошилинч тиббий ва тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўқитиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш;
 
шифохонагача тиббий ёрдам кўрсатиш шакллари ва методларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;
 
шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
 
шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини такомиллаштириш;
 
шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича бошқа муассасаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятида методик ёрдам кўрсатиш;
 
шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида семинар-тренинглар, мастер-класслар, вебинарлар, телекўприклар ташкил этиш ва бу жараёнга етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
 
шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш соҳасида хорижий илмий-тадқиқот ва ўқув марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ушбу йўналишда грантлар ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш.
 
10. Юклатилган вазифалар доирасида Марказга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
 
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, давлат тиббиёт ташкилотларидан Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур ахборотни, статистик ва архив маълумотларини белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
 
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида филиалларни ташкил этиш;
 
давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, бошқа экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни таълим жараёнига шартнома асосида жалб қилиш.
 
11. Шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўқитиладиган курслардан ўтиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот марказига юбориладиган давлат органлари ва давлат улушига эга бўлган ташкилотлар ходимларининг контингенти 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминлаб туриладиган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ўз ходимларини Марказда ўқитиш учун ҳар йилги бюджетдан маблағ ажратилишини назарда тутсин.
 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ўз ходимлари ва инструкторларини ўз маблағлари ҳисобидан ҳар йили ўқишга юборсин.
 
Тез тиббий ёрдам хизмати бригадаларининг ҳайдовчилари Марказда шошилинч тиббий ҳамда тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўқитиладиган курслардан Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўтиши белгилаб қўйилсин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Вазирлик билан биргаликда Марказдаги таълим жараёни, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифати устидан мунтазам назорат ва мониторинг ўрнатсин.
 
14. Вазирлик Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида тез тиббий ёрдам хизмати парамедиклари фаолиятини ташкил этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутган синов лойиҳасини амалга оширсин:
 
парамедиклар томонидан фуқароларга кеча-кундуз узлуксиз юқори малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш;
 
тез тиббий ёрдам хизматининг аҳолига имкон қадар яқинлаштирилишини ҳисобга олиб, парамедиклар кучларини мувофиқлаштирилган ҳолда жойлаштириш ва бошқаришнинг самарали механизмини жорий этиш;
 
фуқароларнинг ёки ички ишлар, фавқулодда вазиятлар органларининг тегишли хизматлари, давлат органлари ва ташкилотлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг чақирувлари бўйича воқеа жойига тез етиб келишни таъминлаш;
 
тез тиббий ёрдам хизматининг бошқа бригадалари билан оператив ҳамкорлик қилиш механизмини жорий этган ҳолда фуқаролар ва туристлар тўпланадиган жойларда парамедиклар патруллик қатновларни йўлга қўйиш.
 
15. Вазирлик:
 
2019 йил 1 февралга қадар парамедиклар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
 
2019 йил 1 апрелга қадар Марказда зарур миқдордаги фельдшерларни парамедиклар ихтисослигига ўқитишни, шу жумладан, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги етук хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқитишни таъминласин;
 
2019 йил якуни бўйича тез тиббий ёрдам хизматида парамедиклар фаолиятини кенгайтириш бўйича асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
16. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда:
 
а) 2019 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида тез тиббий ёрдам бошқармасининг қуйидаги имкониятларга эга автоматлаштирилган тизимини (кейинги ўринларда – автоматлаштирилган тизим) яратсин ва фойдаланишга топширсин:
 
аҳолининг чақирувларини қабул қилиш ва рўйхатга олиш, устунлик тартибида хизмат кўрсатиш лозим бўлган чақирувларни автоматик белгилаш;
 
махсус автотранспорт ҳаракатини бошқариш, шу жумладан, GPS-навигациядан фойдаланган ҳолда, кейинчалик босқичма-босқич рақамли радиоалоқага ўтиш орқали автотранспорт ҳаракатини мониторинг қилиш;
 
тез тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахслар жойлашган жойни телефон (мобиль) алоқаси орқали автоматик аниқлаш;
 
тез тиббий ёрдам ёрдам бригадаларини мобиль иловалар ёрдамида, шу жумладан, имкониятлари чекланган шахслар учун чақириш;
 
фойдаланиладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ҳисобга олиш;
 
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларни шошилинч хизматларининг ахборот тизимлари билан бирлаштириш;
 
фуқаролар томонидан тез тиббий ёрдам станциялари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг рейтингини юритиш.
 
б) Тез тиббий ёрдам хизмати станцияларининг Сall-марказларини нормативларга мувофиқ тўлиқ жиҳозлаш учун 2018 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан қўшимча телефон линиялари (рақамлари) ажратилишини таъминласин.
 
Белгилаб қўйилсинки:
 
автоматлаштирилган тизимни ишлаб чиқиш ва унга хизмат кўрсатиш, техник қўллаб-қувватлаш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари Вазирликка юклатилади;
 
автоматлаштирилган тизимнинг техник ва лойиҳаолди ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланади;
 
ушбу бандда назарда тутилган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 16 мартдаги ПҚ–2838-сон қарорида белгиланган ҳажмлар ва манбаларда молиялаштирилади.
 
Вазирлик Жамғарма маблағлари ҳисобидан автоматлаштирилган тизимни фойдаланишга топшириш назарда тутилган муддатларда ички локал-ҳисоблаш тармоқлари яратилишини ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати бўлинмаларини зарур ускуналар ва анжомлар, шу жумладан, GPS-навигаторлар ва алоқа воситалари билан жиҳозланишини таъминласин.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда (ёки) унинг ҳудудий бўлинмалари буюртманомалари бўйича тез тиббий ёрдам хизмати станцияларининг Сall-марказларини телефон линиялари (рақамлари) билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
 
17. Белгилаб қўйилсинки:
 
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ.Шодмонов – тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш, махсус автотранспорт харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун;

 
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Содиқов –автоматлаштирилган тизимнинг техник ва лойиҳаолди ҳужжатларини сифатли ва ўз вақтида тайёрлаш, ушбу тизимни яратиш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати эҳтиёжлари учун телефон линиялари (рақамлари) ажратиш учун;
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов – вазирлик ва идораларни улар зиммасига юкланган вазифаларни лозим даражада бажариши учун самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу қарорни амалга ошириш жараёнини мунтазам равишда кўриб бориш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
 
18. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
 
а) илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда икки ой муддатда:
 
тез тиббий ёрдам бригадалари учун фельдшерларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув дастурларини;
 
тез тиббий ёрдам чақирувларининг шошилинчлилигига қараб жойлаштириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
 
б) 2019 йил 1 январга қадар:
 
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республиканинг тиббий касб-ҳунар коллежларида тез тиббий ёрдам бригадалари учун фельдшерларни тайёрлаш бўйича махсус ўқув дастурларини жорий этиш чораларини кўрсин;
 
санитар авиация шаклида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқласин;
 
в) қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 октябрь

Теглар:Президент қарори Тез тиббий ёрдам Соғлиқни сақлаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар