Саволга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов жавоб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти олдинги йилларга қараганда жуда самарали бўлгани эътироф этилди. Уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, сайловолди дастурлари фуқаролар томонидан муҳокамаларга сабаб бўлди.
Албатта, ҳар бир номзоднинг сайловолди дастурида 5 йиллик фаолияти давомида амалга оширажак режалари ҳақида сўз боради. Агар номзодлардан бири президент этиб сайлангач, дастурдаги вазифаларни ва қайд этилган ишларни амалга оширмасачи? Қонунчиликда бу ҳақида нима дейилган?
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритувчи оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган “PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” лойиҳаси доирасидаги сессияларда юқоридаги савол ўртага ташланди. Кўпчиликни қизиқтирган мазкур масалага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов қуйидагича жавоб берди.
Раҳимжон Ҳакимов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Бу одатда жуда кўп олимлар, сиёсатчиларда туғиладиган савол. Нафақат Президентликка сайловда, балки Олий Мажлис депутатлигига ўтказиладиган сайловларда ҳам номзодлар ўз дастури билан иштирок этишади, ваъдалар берилади. Бу ваъдалар бажарилмаса, уларга жавобгарлик жорий қилиниши керакми ёки йўқ, деган масала бор. Бутун дунё амалиётига эътибор қаратсак, хусусан, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам бундай жавобгарлик йўқ. Фақатгина битта жавобгарлик бор: у ҳам бўлса сиёсий жавобгарлик.
Номзод Президентликка сайлангач, беш йил давомида фаолият олиб боради. Бу даврда ўзи белгилаган вазифаларни қанчалик бажара олгани 5 йилдан кейин, яъни кейинги сайлов жараёнларида маълум бўлади ва халқ унга ўз баҳосини беради.
Сессияда кўтарилган ушбу масала жуда катта муҳокамага сабаб бўлди. Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва мутахассислар Президент ўз ваколатлари доиорасида сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажармаслиги қонуний бўлмаса-да, маънавий жавобгарликка олиб келишини айтдилар.