Бу йил мамлакатимизда биринчи марта, ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.
Президент ўз нутқида соҳада амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқларга тўхталди.
“Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, Ўзбекистонда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.
Мамлакатимизда 12 мингдан зиёд фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига хотин-қизларимиз раҳбарлик қилмоқда.
Юртимизда кўп тармоқли фермер хўжаликлари охирги икки йилда 45 фоизга кўпайиб, бугунги кунда уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари барпо этилди”, дея эътироф этди давлат раҳбари.
Ўзбекистон ери унумдор! Фасллар алмашинуви маромида. Қуёш йил бўйи заррин нурларини дариғ тутмайди. Албатта, бундай заминда ерга таёқ суқсанг ҳам ҳосил оласан, деган бежиз айтилмаган. Ерга бироз меҳр бериш, у билан тиллаша билиш кифоя. Шавкат Мирзиёев бу йил фермерларнинг саъй-ҳаракатлари билан тўпланган ҳосилга ҳам тўхталди.
“Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши натижасида, жорий йилда мамлакатимиз бўйича жами бўлиб 8 миллион 377 минг тонна ғалла етиштирилди. 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари олишга эришилди.
Бу йил мамлакатимизда биринчи марта, ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва 856 миллион доллар валюта тушди”.