Улар алмаштириб қўйилган тупроқ учун давлатдан 6,313 минг сўм пул ундирган.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Наманган вилояти Поп тумани “Поп пахта тозалаш” АЖ мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг жиноий режаларига нуқта қўйган.
Ўтказилган тезкор тадбирда, пахта топшириш Маскани бригадири Фурқат Раҳимов, “Шамсиддин-Дилдора” фермер хўжалигида терилган пахта хомашёси остига яширилган 1 тонна тупроқ ва қумни ўтказиб бериш эвазига Шуҳрат Усмоновдан 300 АҚШ доллари ва 400 минг сўмни олиб, қум ва тупроқни жамият ҳудудига тушириб чиққан вақтида ашёвий далиллар билан қўлга туширилди.
Шунингдек, тумандаги “Олтин замин Расул” ва “Абдурашид ота Т” фермер хўжаликларининг пахта хомашёлари олиб келинган транспорт воситаларининг ҳар бирида полиэтилен қопларда бўлган 1 тоннадан тупроқ ва қум борлиги аниқланган. Учта фермер хўжалиги томонидан 3 тонна қум ва тупроқ шу куни сотилган 9 694,7 минг сўмлик пахта хомашёси ўрнига ўтказилганлиги аниқланган.
“Бу ҳали ҳаммаси эмас, эътибор беринг жамият ҳудудидаги 27-бунтнинг ичида тупроқ уюмлари мавжуд бўлиб, пахта сақлаш майдончасида мавжуд хомашё 1-нав 1-синфга мансублиги ва уни ичига 1,8 тонна тупроқ аралаштириб юборилганлиги Департамент ходимлари томонидан фош этилди. Мазкур алмаштириб қўйилган тупроқ учун давлатдан 6,313 минг сўм пул ундирилган” дейилади ЎзА хабарида.
Ушбу ҳолат юзасидан “Поп пахта тозалаш”АЖ қошидаги ПТМ бригадири Фурқат Раҳимов ва жамиятнинг бошқа мансабдор ҳамда моддий жавобгар шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.