14 йиллик Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг яқинлари ҳам ўз лавозимларини навбатма-навбат бўшатиб беришмоқда.
“Qalampir.uz” интернет-нашрига хабар беришларича, эндиликда Ботир Парпиевнинг ҳукуматдаги яқинлари ҳам лавозимидан аста-секин озод этилмоқда. Жумладан, 27 май куни Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, полковник Шуҳрат Парпиев ва Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Анвар Парпиев лавозимдан бўшатилган.
Юқорида номи келтирилган шахслар Ботир Парпиевнинг жиянлари ҳисобланади. Шуҳрат Парпиев ва Анвар Парпиевларнинг бирдан нима сабаб билан ишдан бўшатилгани ҳақида аниқ маълумотлар айтилмади. Аммо, Ботир Парпиевнинг укалари ўғилларининг ҳукуматдаги фаолияти устидан текширув ишлари бошланган. Собиқ солиқбошининг ҳар икки жияни ҳам 2017 йил ҳозирда бўшатилган лавозимларига тайинланган эди.
Эътиборлиси, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ботир Парпиевнинг укаси, полковник Анвар Парпиевнинг отаси Қодир Парпиев ҳам ишдан олинган. Қолаверса, “Асака” акциядорлик тижорат банки Андижон вилоят филиалининг бошқарувчиси Ботир Парпиевнинг яқини бўлмиш Зафар Парпиев ва Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ҳуқуқий департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган Ботир Парпиевнинг ўғли Дилшод Парпиев лавозимларини тарк этган.
Буниси ҳам етмаганидек, Ботир Парпиевнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли у катта эҳтимол билан яқин кунларда Москва шаҳрига даволаниш учун олиб борилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 23 йил раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудаси бўлади.