“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Унга кўра:
Унга кўра:
- оммавий ахборот воситаси деб Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам эътироф этилди;
- Оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар) ҳам ОАВдир
- олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситаси саналади.
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳориж тажрибаси ҳамда амалиётидан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаш мақсадида қонуннинг 5-моддаси қуйидагича тўлдирилди:
“...Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”.
Қонун 5-1-модда билан тўлдирилди. Хўш, бу ОАВга нима беради?
Мазкур модданинг амалиётга жорий этилиши оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишга қаратилган.
Халқаро тажрибалар ўрганилиб, қонун 5-1 модда қуйидагича тўлдирилди:
“Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:
- солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;
- давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;
- моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;
- таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.
Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас”.
Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати ўн беш кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат бир ой бўлган.
Қонун “Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотни олишга доир сўрови” деб номланган 35-1-модда билан тўлдирилди.
Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.
Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади”.
Икром Раҳмон