Санъаткорга бўлган эътибор шунчалик бўлар... Қўшиқ куйлашингиз учун имконият яратиб берилди. Концерт қўймоқчимисиз, марҳамат саройлар эшиги очиқ. Нима камчилик бор, тўлдирамиз!
Ушбу ўқув курсларида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги, нутқ ва саҳна маданияти, вокал санъати, саҳна ҳаракати фанлари ўқув дастурига киритилган.
Бугун ушбу ўқув курсининг илк кириш дарси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон санъат ва маданият институти ректори, профессор Бахтиёр Сайфуллаев, Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари – “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарҳод Жўраев, Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази директори О.Ҳасанов ва институтнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.
Бугунги дарсда малака ошириш курсининг долзарблиги, ҳуқуқий асослари, саҳна маданияти, институт тартиб қоидалари юзасидан тушунча берилди. Шунингдек ёш истеъдодли эстрада хонандаларига ушбу ўқув даргоҳидан ўзларига келажакда ҳамкорлик қиладиган устоз танлашлари таклифлари билдирилди.
Санъаткорга бўлган эътибор шунчалик бўлар... Қўшиқ куйлашингиз учун имконият яратиб берилди. Концерт қўймоқчимисиз, марҳамат саройлар эшиги очиқ. Нима камчилик бор, тўлдирамиз, деб турган "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси маъмуриятининг бугунги сай-ҳаракатларига жавобан хонандалар ҳам энди мазмунли қўшиқлар яратиб, тингловчига маънавий озуқа бера олишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бугун давр санъаткордан кечагидан кўра кўпроқ нарсаларни талаб қиляпти. Ҳозир иқтидорим бор, нота танийман дейишнинг ўзи кифоя қилмайди. Шунга яраша савод, тажриба ва билим санъатнинг эртанги ривожи учун хизмат қилиши шубҳасиз.