“АРМИ – 2017” доирасида ўтказилаётган халқаро танловларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
“АРМИ – 2017” доирасида ўтказилаётган 29 та танловнинг 8 тасида яъни Россия Федерацияси ҳудудида кечган “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Йўл патрули”, Қозоғистонда ўтказилган “Мерганлик марраси”, Хитойда бўлиб ўтган “Қуролсоз уста”, “Мусаффо осмон” танловларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат 8 та жамоа иштирок этди.
15 тасида эса, яъни “Танк биатлони”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Дала ошхонаси”, “Осмон калити”, “Автобронетанк техникаси устаси”, “Ҳарбий ралли”, “Муҳандислик формуласи”, “Рембат”, “Ҳамдўстлик жангчиси”, “Артиллерия устаси”, “УУА (учувчисиз учиш аппаратлари) экипажлари мусобақаси”, “Суворов шиддати”, “Хавфсиз муҳит”, “Десантчилар взводи”, “Авиадартс” каби мусобақаларда ўзбекистонлик ҳарбийлар кузатувчи сифатида қатнашди.
Россия Федерациясининг Тюмень вилоятидаги дала-ўқув майдонида ўтказилган “Хавфсиз маршрут” мусобақасида подполковник Р. Байбеков етакчилигидаги ҳарбий хизматчилар жамоаси Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.
10 август куни эрталаб, Тошкент халқаро аэропортида “Хавфсиз маршрут” танлови совриндорларини кутиб олиш тантаналари бўлиб ўтди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати