Мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бабаева финалгача етиб борди.
Жаҳоннинг 35 давлатидан 607 нафар спортчи қатнашган нуфузли турнирда ғолиб ва совриндорлар 14 та вазн тоифасида аниқланди. Мусобақа якунига кўра, -50кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бабаева финалгача етиб бориб, кумуш медаль соҳибасига айланди.
Терма жамоа етакчиси, “Premier League” турнирларининг Париж (Франция), Роттердам (Голландия), Дубай (БАА) ва Работ (Марокаш) шаҳарларида бўлиб ўтган мусобақалари ғолиби Садриддин Сайматов бу сафар совриндорлар қаторидан жой олмаган бўлсада, янгиланган жаҳон рейтингида у катта эҳтимол билан ўз вазн тоифасида яна пешқадамга айланади.
Мусобақа давомида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарияти бир неча спорт делегациялари билан музокаралар ўтказди. Ўзбекистонда спортга кўрсатилаётган эътиборни алоҳида эътироф этган Эрон ва Озарбайжон каратэ федерацияси раҳбарлари федерация билан ҳамкорлик қилиш истагида эканликларини билдирдилар.
Тез орада озарбайжонлик каратэ юлдузлари мамлакатимизга келиб, ўзбекистонлик ёш каратэчилар учун маҳорат дарслари ўтаб берадиган бўлди. Бундан ташқари, Эрон терма жамоасида мураббий сифатида фаолият олиб бораётган, ўз вақтида ўсмирлар ва катталар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ҳусайн Роуҳани Ўзбекистон терма жамоаси билан ишлаш истаги бор эканлигини айтиб ўтди.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда Эронда бир миллиондан ортик каратэчи бор ва форслар спортнинг ушбу тури бўйича нафақат қитъада, балки жаҳонда етакчилар қаторида эътироф этилади. Айнан шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда терма жамоа аъзолари келажакда Туркия ва Эрон каратэчилари билан қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш масаласида ҳам келишувга эришилди.
Маълумот учун, спортнинг каратэ тури тарихда биринчи марта 2020 йилги Токио Олимпиадасида ўйинлар дастуридан жой олади.