Ҳокимнинг деярли бир ой ичида амалга оширган ишларини “Qalampir.uz” сайти орқали кузатиб боряпсиз.
“Artel” ва “Imzo” компанияларининг таъсисчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. “Tashkent city” дирекцияси директори лавозимини Шерзод Хидоятовга бўшатиб берди.
У янги лавозимга киришгандан сўнг Тошкентда бир нечта ечилиши керак бўлган муаммоларни хал этди. Жумладан, Чилонзор туман, Дилхуш кўчаси 38-уйда жойлашган хароба ётоқхонага бориб, у ерда яшовчи ёрдамга муҳтож етим ва қарияларнинг мурожаатини инобатга олиб, уларга 45 кунда (бугун 11 кун) янги уй-жой беришга ваъда берди.
Дилхушдаги ётоқхона баҳонасида шу туманда жойлашган яна бир шунга ўхшаш бино (Нурхондаги ётоқхона) дагилар ҳам бошқа жойга кўчириладиган бўлди. Болаларнинг айримларини иш билан таъминлашни ҳам ўз зиммасига олди.
Ўша куннинг ўзида “Qalampir.uz” журналисти Акмал Эшонхонов билан Чилонзор туманидаги Тирсакобод ва Хирмонтепа маҳалларига бориб, “Обод маҳалла” дастури доирасида кетаётган иш жараёнини тугашини кутиб, ифторликни шу ернинг ўзида хизмат машинасида қилишга мажбур бўлди.
6 июнь куни ўтказилган йиғилишда туманларнинг ҳокимлари, прокурорлари, бош милиционерлари ва бош солиқчиларига лавозимдан озод қилиш ҳақида ариза ёздириб, сўнг уларни вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида ўз лавозимларига қайта тайинлади.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги тасарруфидаги туманлар ҳокимлари билан ўтказган шу йиғилишда энди аҳоли муаммоларини юқори талаб ва масъулият билан бажаришга келишиб олди.
Ҳокимнинг эътиборга сазовор ишлари давом этмоқда. Аниқроғи, Ортиқхўжаев Тирсакобод маҳалласидаги катта ахлатхонани бузиб, ўрнига янги завод қуришга буйруқ берди. Шу ахлатхона атрофида жойлашган уйларга кириб, уларнинг муаммоларини эшитди ва ижобий ҳал этди.
Яъни, хоразмлик уйсиз аёлга янги уй қуриб бериш, аҳолига ҳужжат (кадастр) қилиб берилмаган аксарият уйларни расмийлаштиришда ёрдам берилишини айтди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев юраги операция қилинган 4 та ўғли бор хаста аёлнинг кадастрсиз уйини ҳам ҳужжатлаштириб бериш юзасидан билдирган илтимосини рад этмади. Юқоридаги видеода айнан шу жараён келтирилган.