Нодирбек Абдусатторов унвон олишдан ташқари жаҳон шахмат мутахассисларининг эътиборига тушди.
Жаҳоннинг нуфузли халқаро турнирлари қаторидан ўрин эгаллаган мазкур турнирда 20 давлатдан 360 нафар шахматчилар иштирок этди.
Шулардан 37 та халқаро гроссмейстер ва 3 нафар аёллар ўртасида халқаро гроссмейстер, 42 нафар халқаро тоифадаги спорт усталари ва 8 нафар аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт усталари ва бошқа тоифадаги шахматчилар қатнашишди.
Мусобақада Ўзбекистон ёшлар ва катталар терма жамоа аъзолари: халқаро гроссмейстер – Жаҳонгир Воҳидов, халқаро тоифадаги спорт усталари – Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жавоҳир Синдаровлар иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишди.
Жумладан, блиц йўналиши бўйича ўтказилган мусобақаларда халқаро тоифадаги спорт устаси 15 ёшли Нодирбек Якуббоев дунёнинг 24 давлатидан ташриф буюрган 300 нафар шахматчилар орасидан 1-ўринни эгаллади.
Мусобақада ўзига ҳос ўйин маҳоратини намойиш этган 13 ёшли Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат мутахассисларининг эътирофларига сазовор бўлиш билан бирга шахмат бўйича халқаро гроссмейстер унвонининг учинчи талабини бажарди.
Эътиборлиси, талабнинг учинчисини тўлиқ бажарган Нодирбек Абдусатторов кеча, 29 октябрь куни халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди.
Маълумот учун, Абдусатторов Нодирбек ўтган йили ўтказилган мазкур мусобақада халқаро гроссмейстерлик унвонинг биринчи талабани бажарганди. Иккинчи талабини 2017 йил август ойида ўтказилган “24 Абу-Даби Шахмат Фестивали”да бажарган.
Шунингдек, иқтидорли шахматчи Нодирбек Абдусатторов бир қатор жаҳон чемпионатларида юқори натижаларни қайд этган:
2012 йил- 8 ёшгача ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпиони (Марибор, Словения), ФИДЕ спорт устаси унвонини қўлга киритди.
2014 йил – 10 ёшгача ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби (Дурбан, ЖАР).
2016 – 11 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртасида Жаҳон чемпиони (Сочи, Россия).
2016 йил, сентябрь – халқаро тоифадаги спорт устаси унвонинг учинчи талабини бажарди (Куала-Лумпур, Малайзия).
2017 йил, 29 октября – халқаро гроссмейстер унвонинг учинчи талабини бажарди (Санкт-Петербург, Россия).
Таъкидлаб ўтиш жоиз, халқаро гроссмейстер унвони маълум малака талабларини бажарган шахматчиларга 1950 йилдан бери ФИДE ташкилоти томонидан топшириб келинади.