“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мамлакатимиз ва хорижий клиникалар ҳамда тиббиёт марказларида соғломлаштиришга кўмаклашиш бўйича тиббиёт дастурларини амалга оширмоқда.
Ўз саломатлигини тиклаб юртимизга қайтиб келган болалар орасида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан Малика Ғолибова ҳам бор. У тўрт ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли жиддий куйган. Пойтахтимиз клиникаларида тери кўчириш бўйича бир неча бор операция қилинди. Йил давомида Германия клиникалари шифокорлари ҳам қизчани соғломлаштиришга ёрдам берди, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг “Friendsdorf International” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлиги самарасида 2002-2016 йилларда 320дан зиёд ўзбекистонлик болага Германия клиникаларида зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. 2016 йилда “Текис оёқлар” лойиҳаси доирасида туғма ортопед хасталиклари билан касалланган 15 ёшгача бўлган 128 бола операция қилинди.