
Рейтингни тузиш жараёнида 7815 та “ақл марказ”ининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинган.
2018 йилнинг 31 январь куни дунё “ақл марказ”ларининг энг нуфузли рейтинги ҳисобланувчи «Global Go To Think Tank Index Report» тадқиқот ва таҳлил марказлари рейтинги эълон қилинди.

Рейтингни тузиш жараёнида 7815 та “ақл марказ”ининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинган. Унда турли номинациялар тақдим этилган бўлиб, улар, ўз навбатида, 4 та асосий гуруҳга бўлинган. Рейтинг TACTSP Global Think Tank Database маълумотлар базасига киритилган 62 мингдан ортиқ нуфузли экспертлар, журналистлар, сиёсатчилар ҳамда иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар соҳаси мутахассислари ўртасида ўтказилган сўров натижалари асосида тузилган.
Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” маркази, “Америка сиёсати миллий жамғармаси”, Нидерландиянинг “Интеграция ва жамият илмий платформаси” каби қатор нуфузли институтлар қаторида “2017 йилнинг янги ташкил этилган энг яхши “ақл маркази” номинацияси бўйича элликталик рейтингида эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, “Тараққиёт стратегияси” маркази ўз фаолиятини бир нечта йўналишларда олиб боради. Марказ, авваламбор, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиш ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот бериб боради. Шунингдек, турли форум, анжуман, жамоатчилик муҳокамалари ва ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали давлат ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.