Бугун БМТнинг махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид ўзининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасига киритилган режага биноан Ички ишлар вазирлигида бўлди.
Бугун, 3 октябрь куни махсус маърузачи Аҳмед Шаҳид ўзининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасига киритилган режага биноан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида бўлди.
Учрашув чоғида БМТ вакили ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ички ишлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашдилар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар тизимида ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва чекланмаган эркинликларининг таъминланиши масаласи ўзаро мулоқотлар чоғида атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, тайинланган жазони ўтаётган шахслар виждон эркинлигинингкафолатланиши, шунингдек, уларнинг диний эътиқодларига доир ҳуқуқлари, ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик хоҳиш-истаги билан боғлиқ эркинликлар таъминлангани таъкидланди.
Маҳбусларга, уларнинг илтимосларига кўра, ўрнатилган тартибларга зид бўлмаган ҳолларда диний ташкилот хизматчилари чақиртирилиши мумкинлиги, бундан ташқари, қонунга хилоф бўлмаган шартларда айрим диний ва маданий асори атиқалардан, хусусан диний адабиётлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишига оид масалалар таҳлил этилди.
Аҳмед Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари томонидан Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар самараси алоҳида эътироф этилди.
Биргина аҳоли сонига нисбатан жазога маҳкум қилинганларнинг сон жиҳатидан нисбийлиги бунинг яққол намунаси, дея таъкидланди.
Аҳолининг ҳар 100 минг нафарига ўртача 137 нафар маҳбусларнинг тўғри келиши — МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик кўрсаткичларга эга.
Европа давлатлари ва АҚШ га нисбатан эса Ўзбекистондаги бу кўрсаткич жуда кичик миқдорга эга ва бу қувонарли ҳол.
Жазони ўташ муассасаларида мавжуд “бандлик сиғими” Ўзбекистонда ўртача 80 фоизни ташкил этгани алоҳида таъкидланди.
Қатор ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич белгиланган меъёрдан ортиқлиги — жиноятчиликка қарши курашишда жиноатчиликнинг олдини олишга доир ишлар эмас, жиноятчиларни жазолаш билан бандлик амалиёти юқори ўриндалиги билиниб қолмоқда.
Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олишга оид амалиётлар кенг кўламда амалга оширилаётгани учрашув иштирокчилари томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Учрашув чоғида яна бир қанча мазкур соҳага тааллуқли бўлган масалалар муҳокама этилди ва мулоқотларга доир келишувлар жамоатчиликка эълон қилиниши ҳақида келишиб олинди.